Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятини танийсизми?
Асосан оналар ва болалар саломатлигига жавобгар сифатида кўриладиган энг муҳим тузилмани кимлар бошқаради?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги – соғлиқни сақлаш бўйича марказий давлат бошқарув органи ҳисобланади. 2024 йилга қадар вазирлик раҳбари 9 марта алмашган.
- 1991-1998 – Шавкат Каримов;
- 1998-2009 – Феруз Назиров;
- 2009-2012 – Адҳам Икромов;
- 2012-2016 – Анвар Алимов;
- 2016-2017 – Адҳам Икромов;
- 2017-2020 – Алишер Шодмонов;
- 2020-2021 – Абдуҳаким Ҳожибоев;
- 2021-2022 – Беҳзод Мусаев;
- 2022-2024 – Амрилло Иноятов;
- 2024 йилдан Асилбек Худоёров вазир вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Вазир Худаяров Асилбек Анварович – ўзбек шифокори ва давлат арбоби. У бунга қадар соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Президент администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси раҳбари, шунингдек, фан ва технологияларни ривожлантириш бўйича ҳукумат комиссияси аъзоси ҳам бўлган. У 2015 йилнинг август ойида "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби бўлган.
Биринчи ўринбосар Султанов Даврон Тахирович 2024 йилнинг январ ойидан буён ушбу лавозимда. Бундан аввал у Президент администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти соғлиқни сақлашни ривожлантириш шуъбаси мудири сифатида фаолият юритар эди.
Ўринбосар Баситхонова Элмира Иркиновна – 1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1981 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини "даволаш иши" йўналиши бўйича тамомлаган. Унвони – тиббиёт фанлари доктори, профессор. У 2020 йилнинг июл ойида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлигига қайтган. 1998 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими, 2014 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.
Қизиқ маълумот
* 2021 йилда ижтимоий тармоқларда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Марат Содиқовнинг Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоевга ёзган хати тарқалган. Унда бошқарма бошлиғи ўша йилнинг 17 май куни Тошкент вилоятидаги кўп тармоқли поликлиникада туғуруқнинг эртаси куни 1998 йилда туғилган аёл вафот этганини маълум қилган. Ташхис сифатида ўткир юрак-томир етишмовчилиги, ўткир буйрак-жигар етишмовчилиги, ДВС синдром гипокоагуляция босқичи, ошқозон-ичакдан қон кетиши кўрсатилган. Шунингдек, мурда экспертиза текширувига юборилган. ОАВдан бири хат билан боғлиқ шов-шувли ҳолат сабаб юзага келган вазият бўйича Элмира Боситхонова билан боғланган. Унда вазир ўринбосари ўлим сабаби номаълумлигини таъкидлаб, "Бу ерда кимдир менга алоҳида муносабати бўлгани учун бу ишларни бошлаганга ўхшайди. Буни ортида ким турганидан хабарим йўқ. Агар хатдаги ёзиғимда қандайдир гумоним бўлганида нотўғри иш қилиб қўйдим, деб безовта бўлардим" деб муносабат билдирган.
* 2023 йилнинг сентябр ойида Наманган вилоятининг Чуст туманида болаларнинг оммавий заҳарланиши содир бўлган. Ота-оналар эса фарзандларига йод берилгани ҳақида маълум қилишган. Шунинг учун халқ орасида болаларнинг доридан заҳарлангани ҳақида хулосалар пайдо бўлган. Аммо Элмира Баситхонова Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ташкил этилган матбуот анжуманида болаларда кузатилган нохуш ҳолат дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмас, мавсумий касаллик бўлиши мумкинлигини айтган эди.
* Қолаверса, Элмира Боситхонова 65 нафар гўдакнинг ўлимига сабаб бўлган"Док-1 Макс" иши бўйича ҳам асосий айбдор экани айтилади. Лекин кейинчалик "Док-1 Макс" бўйича судда болалар доридан вафот этаётганини билмагандим, дея гувоҳлик бериб, вафот этган болаларнинг ота-оналаридан узр сўраган.
Ўринбосар Омонов Олим Муродуллаевич – 1979 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Тошкент электротехника алоқа институтида таълимнинг бакалавр босқичини, Тошкент ахборот технологиялари университетида эса магистратура босқичини тамомлаган. 2023 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирининг IT-технологияларни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Ўринбосар Ташпулатов Фарходжон Мухаммаджонович – 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. 2023 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.
Ўринбосар Шарипов Фаррух Рахимович – 1969 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1993 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган. 2023 йилдан буён – Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.
Матбуот котиби Санаев Фуркат Чориевич – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи. У бу лавозимга 2019 йилнинг октябр ойида тайинланган ва шу вақтдан буён ишлаб келмоқда.
Одинахон Деҳқонова тайёрлади.
Камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Рақамли технологиялар вазирлиги