platina.uz

Навбатга ёзилиш учун навбатга ёзилишдан олдин навбатга ёзилинг

Соғлиқни сақлаш тизимида қош қўяман деб кўз чиқараётганлар

Жамият
7 февраль, 11:31
Навбатга ёзилиш учун навбатга ёзилишдан олдин навбатга ёзилинг

Бугун оилавий поликлиникага ишим тушди. Рости, анчадан бери бормагандим. 2 йиллар аввал қайси шифокор керак бўлса, рўйхатхонадан навбат рақамини олиб кириб кетилар эди. Ҳозир анча ўзгарибди.

Бир бошдан тушунтираман. Дейлик, томоғингиз оғриб, лорга кирмоқчисиз. Аввал шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан рўйхатхонадан талон оласиз. Бу талон умумий поликлиникага кириш учун. Лор қабулига ёзилиш учун педиатр сизга йўлланма ёзиши керак. Педиатрга кириш учун эса унинг ёрдамчиси (бошқа хонада ўтиради) йўналтириши лозим. Лекин сиз фақат лорга кирмоқчисиз холос.

Ишга вақтлироқ бориш мақсадида эртароқ ҳаракат қиласиз. Чунки поликлиникаларда навбатлар кўплигини биласиз. Аммо ҳозирги ҳолатни кўриб, янада даҳшатга тушасиз. Аввало талон олишга бир олам навбат бор. Эплаб талон олингач, педиатр ёрдамчисига кириш учун яна навбатга турасиз. "Живой" навбат, уруш-тўполон, хуллас, тушундингиз.

Бир амаллаб ёрдамчидан онлайн йўлланмани олиб, педиатрга кирасиз. Албатта, у ерга киришда ҳам яна навбат кутасиз. Педиатр сизга навбат ёзиб бергач, лор хонасига ошиқасиз. Энг катта навбат ўша ерда. Киргунингизча тушлик вақти бўлади.

Энг ёмони, агар навбатлар навбатидан кеч қолсангиз, педиатр ёзган лорнинг сменаси тугайди ва навбатингиз куйиб кетади. Эртасига ёки тушликдан кейинга яна бошқатдан ўша жараённи бошдан ўтказасиз.

Агар омад кулиб, вақтли бориб қолсангизу сиз ёзилган лор қабули ҳали бошланмаган бўлса, навбатда ҳеч ким қолмаса-да, врач келишини кутишга мажбурсиз. Чунки у ердаги бошқа лор сизни кўриб қўёлмайди.

Мен шифокордан бунинг сабабини сўрадим, нега бундай шармандалик, одамларга аксинча қийин қилиб ташлабсизлар, дедим. У эса хотиржам "тепадан шундай тизим тузишган, бизни уришманг", деди.

У чет элни мисол келтириб, одамлар уйида ўтириб, телефонда навбатга ёзилади ва ўша вақтда келади. Бизда ҳозир бу имконсиз, одамларимиз тайёрмас, деб қўшимча ҳам қилди.

Айтганча, ана шу жараён орқали компютерга исм-шарифингиз киритилиши керак. Ҳар бир одам учун ўртача 20 дақиқадан вақт қўйилганда ҳам бир кунда шунча одамни кўрикдан ўтказиш имконсиз.

Поликлиникаларни рақамлаштиришни топширганда давлат раҳбари халққа қулай ва осон бўлишини назарда тутган эди. Ҳозирги вазиятдан кўпчилик норози, айниқса, ёш болали ва кексалар. Чунки бир жойга кириш учун камида 3 та жойда навбатда туриб, кейин навбатга ёзилиш керак. Даҳшат-а!

Бир пайтлар бир журналист ўлиб кетган шифокор қабулига онлайн навбатга ёзилган эди. Бу тизим ҳалигача тўлиқ ишламаяпти ёки Соғлиқни сақлашда яхши мутахассислар йўқ. Президент ҳам айтди: "Сўнгги етти йилда тизимда 7 та вазир алмашди, лекин соҳани рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш суст кечмоқда".

Бобур Жалолов,
Platina.uz сайти бош муҳаррири

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+