Энергетика вазирлиги раҳбариятини танийсизми?
Иккита биринчи ўринбосарга эга, энг кўп танқидга учрайдиган тизимни ўзи кимлар бошқаради?
Вазирликни нисбатан энг ёш вазирликлардан бири дейиш мумкин. Ўз фаолиятини 2019 йил 1 февралдан бошлаган. Вазирлик электр ва иссиқлик энергияси, кўмир ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, шунингдек, нефт, газни қазиб олиш, уларни қайта ишлаш, ташиш, тарқатиш, сотиш ва улардан фойдаланиш жараёнларини давлат томонидан тартибга солади.
Қизиқ маълумот
Шу кунга қадар вазирликда битта вазир алмашган дейиш мумкин. Аввалги вазир Алишер Султонов узоқ йиллик сиёсатчи, қолаверса, Фанлар академияси ишлар бошқарувчиси Султанов Саид-Аббас Саидахмедовичнинг ўғли ва Ички ишлар вазирлиги жиноят-қидирув бош бошқармаси тезкор вакили Султанов Саидафзал Алишеровичнинг отасидир. Султонов вазир лавозимидан кетганидан сўнг президентнинг энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.
Энергетика вазири Мирзамаҳмудов Жўрабек Турсунпулатович 1979 йил 13 январ куни Наманган вилоятида туғилган.
Меҳнат фаолияти
- 1997-1999 — Тошкент кимё-технологиялари институти талабаси;
- 1999-2001 — “Умид” фонди йўлланмаси бўйича АҚШнинг Алабама университети талабаси;
- 2002-2003 — Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи муҳандиси;
- 2003-2006 — “Ўзлитинефтгаз” ОАЖ нефт ва газни қайта ишлаш технологик-комплекси бўлимида муҳандис, нефт ва газни қайта ишлаш ва транспортни газга тайёрлаш бўлими илмий-техник комплекси муҳандиси, кичик илмий ходим, ТEО ва истиқболли лойиҳалаш бўлими 1-тоифали муҳандиси, етакчи муҳандиси;
- 2006-2012 — “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бош мутахассиси, бошқарма бошлиғи ўринбосари, инвестициялар дастури ва ресурсларни прогнозлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари — “Нефтегазинвест” корхонаси директори;
- 2012-2014 —Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари;
- 2014-2017 — “Ўзкимёсаноат” давлат компанияси бошқаруви раиси ўринбосари;
- 2017-2018 — Вазирлар Маҳкамаси аппарати Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари ахборот таҳлил департаменти мудири;
- 2018-2019 — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзатом” агентлиги бош директори;
- 2019-2022 — Энеретика вазирининг биринчи ўринбосари — “Ўзатом” агентлиги бош директори;
- 2022 йилдан — Энергетика вазири.
Қизиқ маълумот
Жўрабек Мирзамаҳмудов 2020 йил “Ўзатом” агентлиги раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган кезларида ушбу лавозимдан олингани ҳақида хабарлар тарқалган, аммо кейинроқ Энергетика вазирлиги бунга аниқлик киритиб, хабарлар ёлғон эканини таъкидлаган. Шундан кейин, Мирзамаҳмудов “Ўзатом” агентлигининг бош директори ва “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раиси лавозимларида фаолиятини давом эттираётгани маълум қилинган.
Биринчи ўринбосар — “Ўзатом” агентлиги бош директори Ахмедхаджаев Азим Исраилович 1979 йил 12 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичини тамомлаган. 2003 йилда Австралиянинг Воллонгонг университети магистратура курсида таҳсил олган.
Қизиқ маълумот
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланганда ҳайратда қолганини айтган, чунки у бундан олдин доимий молия билан боғлиқ соҳаларда ишлаган. Вазир ўринбосари бу ҳақида шундай деган: "Аввалига ҳайратда қолдим, чунки бу мен учун мутлақо янги соҳа. Лекин шунга қарамай, бу ерга келиб, уч кунни янги жойда ўтказганимдан сўнг, мен бу соҳанинг ҳақиқатан ҳам қанчалик динамик ва қизиқарли, қанчалик катта аҳамиятга эга эканини англадим. Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари билан, қолаверса, иқтисодиётни ривожлантириш билан боғлиқ”.
Ўша пайтларда Xabar.uz сайтида Раъно Абдуллаева ҳақидаги материал сабабли сайтга босим қилганди. Чунки у Р.Абдуллаеванинг невараси экани айтилади. Кейинроқ бу лавозимдан олинган. Жиззах вилояти ҳокимига ўринбосар сифатида пастга туширилган ҳам эди.
Биринчи ўринбосар Бахтиёр Рустамович Маматкаримов 1980 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтини, 2013 йилда Банк-молия академиясини, 2021 йилда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
Ўринбосар Азизхўжа Очилович Қобилов аввал тоғ-кон ва геология вазири ўринбосари, Президент администрацияси масъул ходими сифатида фаолият юритган.
Ўринбосар Мамадаминов Умид Маҳмудович 1983 йил 24 январда Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. Тошкент давлат техника университети (2006) ва АҚШнинг Орегон технология институтини (2015) тамомлаган. 2015-2018 йилларда у АҚШнинг йирик STANTES муҳандислик ва консалтинг компаниясида ишлаган.
Ахборот хизмати раҳбари Тошхожаев Хасан Жавлонович 1982 йили Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. У аввалига “Қишлоқ ҳаёти” ижтимоий-иқтисодий газетасида, “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталари таҳририятида, кейинчалик Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматида, 2019-2020 йилларда Хотин-қизлар қўмитаси раисининг матбуот котиби, шунингдек, “Ўздавкарантин” инспекцияси ва Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизматида ишлаган. Тайинловга қадар Халқаро пресс-клубнинг мониторинг ва таҳлил бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган.
Мафтуна Ёдгорова тайёрлади.
Камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Рақамли технологиялар вазирлиги