Бош прокуратура раҳбариятини танийсизми?
Асли вазифаси қонун устуворлигини назорат қилиш бўлган бу кучишлатар тизимнинг тепасида кимлар турибди?
Бош прокуратура Ўзбекистон ҳудудида Конституция ва қонунлар ижросини назорат этувчи органлар тизимидир. 1992 йилда ташкил этилган. Бугунга қадар 5 нафар бош прокурор фаолият юритган бўлиб, айни пайтда олтинчи бош прокурор амалда. Бош прокурор, Қорақалпоғистон прокурори, вилоят, туман ва шаҳар прокурорларининг ваколат муддати – 5 йилдир. Шунга асосан бугунгача 3 та бош прокурор турли сабаблар туфайли ўз ваколатидан озод этилган бўлса, қолганлари ваколат муддатида, айримлари эса ваколат муддати узайтирилган ҳолда фаолият олиб борган. Эслатиб ўтамиз, 2 та собиқ бош прокурор устидан вазифасини суиистеъмол қилиш ва шунга ўхшаш айбловлар қўйилиб, тергов қилинган.
Бош прокурор Йўлдошев Ниғматилла Тўлқинович 1962 йил 5 ноябр куни Тошкентда туғилган.
Меҳнат фаолияти
- 1985-йил Тошкент давлат университетининг юридик факултетини битирувчиси;
- 1985-1986 йилларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар прокуратурасининг иш ўрганувчиси;
- 1986-1991 йилларда Олмалиқ шаҳар прокуратураси терговчиси;
- 1991-1992 йилларда Юнусобод тумани прокуратураси терговчиси;
- 1992-1995 йилларда Тошкент шаҳар прокуратураси катта терговчиси;
- 1995-1997 йилларда Бош прокуратуранинг ички ишлар вазирлиги идораларида тергов ва суриштирув устидан назорат бошқармаси прокурори;
- 1997-2000 Бош прокуратура тергов бош бошқармасининг ташкилий-услубий бўлими бошлиғи;
- 2000-2003 йилларда Бош прокуратура ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи;
- 2003-2006 йилларда Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси хизматининг прокуратура идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори;
- 2006-2008 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи;
- 2008-2011 йилларда Бош прокурор ўринбосари;
- 2011-2015 йилларда Адлия вазири;
- 2015-2019 йилларда Сенат раиси;
- 2019 йилдан Бош прокурор;
- 2019 йилдан Ўзбекистон миллий кураш федерацияси президенти.
Қизиқ маълумот
2016 йилда Конституциянинг 96-моддасига мувофиқ, Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда, унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раисининг зиммасига юклатилиши керак эди, аммо ўша пайтда Сенат раиси бўлган Ниғматилла Йўлдошев "етарлича тажрибага эга эмаслигини" айтиб, президентликни Шавкат Мирзиёевга топширган эди.
2021 йилнинг 11 декабрида Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ижтимоий тармоқларда видеомурожаатлар билан чиқиш қилиб, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевни қатор коррупцион жиноятларда айблаган.
Ҳусан Равшановнинг иши бўйича унинг рафиқаси Севара Равшанова сайёр қабул пайтида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев қабулига бориб, нега тергов ишлари чўзилаётгани, турмуш ўртоғи ҳалигача терговда, ноаниқ ушлаб турилганини билдириб, айбдор бўлса, судга оширилиши ва суд кўриб чиқишини айтиб адолат сўраган. Бош прокурор ўша пайтнинг ўзидаёқ масъулларга боғланиб, аниқлик киритган. Бош прокурор телефонда гаплашган масъулнинг маълумот беришича, мазкур иш бўйича тергов хулосаси 2023 йилнинг 28 апрел куни судга юборилган. Бош прокурорнинг бу гапига ишонмаган мурожаатчиларга жавоб берган Ниғматилла Йўлдошев “Мен бош прокурорман, сизни алдамайман-ку, ишонинг, деб олдингизда телефонда гаплашдим”, деган эди.
Сўнгги кунларда ҳам бош прокурорнинг “заказ иш” бажараётгани ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда. Жумладан, собиқ депутат Расул Кушербаев бу ҳақида ўзининг телеграм саҳифасида шундай дейди: "Прокуратура "заказ иш" бажаришга ўтдими?"
Биринчи ўринбосар Валиев Бахриддин Бахадирович Самарқандда таваллуд топган. 2019 йилда Тошкент шаҳри прокурори лавозимида ишлаган.
Қизиқ маълумот
Баҳриддин Валиев Тошкент шаҳар прокурорлигига иккинчи марта тайинланиши (2019 йил, июл) ортидан биринчи қилган иши – прокуратура биносини ўраб турган темир панжараларни олдириб ташлаш бўлганди. Генералнинг (прокуратура тилида «3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси») кутилмаган бу «юриши» жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлган ва кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарган.
Ўринбосар Самадов Салом Исматович 1963 йил 16 ноябрда Бухоро вилоятида туғилган. 1990 йилда Харков юридик институтини тамомлаган. Прокурорлик фаолиятини Бухоро вилоятидан бошлаган.
Ўринбосар Аминов Шохрух Азаматович 1981 йили таваллуд топган. 2002 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган, ҳуқуқшунос.
Ўринбосар Артикова Светлана Баймирзаевна 1962 йил 1 январда Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. 1987 йилда Тошкент давлат университети юридик факултетини тамомлаган. 2006 йили "Меҳнат шуҳрати ордени" билан тақдирланган.
Қизиқ маълумот
“Биз адолатли суд муҳокамаси ҳақида гапирганда, нимани ифодалаймиз? Агар бу жиноий иш бўлса, терговчи, прокурор, адвокат ва судя бу ишга нуқта қўяди. Агар улар профессионал бўлса ва жараён коррупциядан холи бўлса, биз адолатли суд жараёнини таъминлай оламиз. Ҳозир адолатли суд жараёни таъминланмоқда, деб айта оламизми? Афсуски, йўқ”, деган эди у халқаро пресс-клубдаги матбуот анжуманида.
Светлана Артикова сайёр қабулда эри билан боғлиқ ишни ҳал қилиш учун келган аёл билан жанжаллашганди. Аниқланишича, у аёлни бош прокурор билан учрашишга қўймаган. аёлнинг аризасини йиртиб ташлаган ва ички ишлар ходимига қараб, "Обкетинглар буни!" дея буюрган. Бу ҳам ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Ўринбосар – Ҳарбий прокурор Кудратходжаев Ботир Бахромович 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1997 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Ўринбосар Хатамов Жахонгир Жураевич Самарқанд вилояти прокурор вазифасидалигида “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.
Ўринбосар Тўхтабоев Шерзод Жалолович бунга қадар бош прокуратурада бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.
Ўринбосар Сохибназаров Шамсиддин Шарафидинович 1982 йил 5 январда Фарғона вилоятида туғилган. 2004 йилда Тошкент давлат юридик институтида таҳсил олган. “Содиқ хизматлари учун” медали ва “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотланган.
Ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Фарғона вилоятида туғилган. Адлия маслаҳатчиси (подполковник).
Мафтуна Ёдгорова тайёрлади.
Камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Рақамли технологиялар вазирлиги