Қурилиш вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

Вазир ва унинг ўринбосарлари тендерсиз шартномалар тузиш бўйича кўп ишлар қилишган.

Жамият
17 февраль, 14:34
Қурилиш вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

Бу галги сонимизда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти, улар ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.

Вазир Закиров Батир Иркинович 1963 йил 28 июлда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) қурувчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолияти

1980 йилда Тошкент асбоб-ускуна ишлаб чиқариш заводида иш фаолиятини бошлаган. 1985-1990 йилларда Монтаж ва махсус ишлар бўйича вазирлик ҳузуридаги “Тошсантехмонтаж” трестида ишлаган. 1990 йилда “Боштошқурилиш” уюшмасининг “12-трест”ига ишга ўтиб, у ерда усталикдан бошқарув раиси лавозимигача кўтарилган.

2011 йилда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси этиб тайинланган. 2018 йилда қўмита Қурилиш вазирлигига айлантирилди ва Зокиров вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади. 2019 йил феврал ойида у вазир этиб тайинланди.

2012 йилдан Ботир Зокиров Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси президенти ҳам ҳисобланади.

Қизиқ маълумот

2021 йил Коррупцияга қарши курашиш агентлиги акционерлари орасида қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва турмуш ўртоғи бўлган «Trest-12» AJ компанияси қўлга киритган давлат харидларини ўрганганди. Бу ҳақда 15 апрел куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилган.

Аввалроқ Тошкентдаги Мустақиллик майдони ёнидаги маъмурий бино реконструкцияси ва фаввора остига автотураргоҳ қуриш ишларига 431,5 млрд. сўм ажратилиши, пудратчи сифатида эса «Trest-12» AJ тендерсиз танлангани ҳақида хабарлар тарқаган.

Худди шу компания Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносини жорий таъмирлаш ҳамда фасад қисмини реконструкция қилиш бўйича 16,5 млрд. сўмлик давлат харидини тендерсиз қўлга киритган.

Бу ҳақда Ботир Зокиров Самарқандда бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу компаниянинг унга ва оила аъзоларига "иссиқ-совуғи йўқлиги"ни айтганди.

Биринчи ўринбосар Хидоятов Шерзод Саиджанович 1980 йил 20 август Тошкентда туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини тугатган.

Ўринбосар Адилов Давронжон Кабилджанович Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласида Сардоба сув омбори тўғони бузилганидан кейин кўп қаватли уйлар, “Мега Планет” савдо-кўнгилочар маркази, “Парус” савдо мажмуаси, “Меркато” савдо маркази, Сергели туманидаги 16 қаватли бино, Тошкент шаҳридаги Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган ахборот технологиялари мактаби, Ёжу институти, ШEДEВР турар-жой мажмуаси ва бошқалар қурилишларда иштирок этган.

2023 йилдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Янги Тошкент” шаҳар қурилиши дирекцияси директори, бир вақтнинг ўзида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари ҳисобланади.

Қизиқ маълумот

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» ва «GOLD STEP INVEST» МЧЖ ўртасида «Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 магистрал йўллар кесишувидаги йўл ўтказгич»ни қуриш учун тўғридан-тўғри шартнома тузилган. Шартноманинг тахминий баҳоси — 350 млрд. сўмни ташкил этган.

Давронжон Адилов қурилиш вазирлигида меҳнат фаолиятини бошлашдан аввал айнан «GOLD STEP INVES» МЧЖда директорнинг қурилиш бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган. «GOLD STEP INVES» МЧЖнинг 50 фоиз улушига эгалик қиладиган ADILOV KABILDJAN FRAZILOVICH катта эҳтимол билан Давронжон Қобилжонович Одиловнинг яқин қариндоши, яъни отаси бўлиши мумкин.

Ўринбосар Алиматов Тоир Наматуллаевич вазирликнинг пудрат бозори, қурилиш индустрияси ва рейтингларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи. Ўзбекистон Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Ўринбосар Жўраева Озода Абдурахимовна кўп қаватли уйларни бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, хусусан, кўп қаватли уйларни модернизация қилиш, ҳисобот беришнинг шаффофлигини ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга жавобгар.

Ахборот хизмати раҳбари Усмонов Саидносир Саидкаримович вазирнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби. Бунгача Миллий телерадиокомпанияда турли лавозимларда ишлаган.

Мафтуна Ёдгорова тайёрлади.

 


Камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


Инвестициялар вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+