Рақамли технологиялар вазирлиги раҳбариятини танийсизми?
Пиёда юришни хуш кўрувчи камёб амалдорлардан бири Шерзод Шерматов ва унинг ўринбосарлари ҳақида қизиқ маълумотлар.
Бу вазирлик 2015 йил 4 февралдаги президент фармонига мувофиқ, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси негизида ташкил қилинган. 2022 йил 24 декабрдаги фармон билан Вазирлар Маҳкамаси тизимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил этилган. Кейинроқ унинг номи Рақамли технологиялар вазирлигига ўзгарди.
Вазир Шерматов Шерзод Хотамович 1977 йил 7 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. 2021 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.
Шерзод Шерматов Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстликка аъзо давлатлар алоқа маъмуриятлари раҳбарларининг кенгаши раиси этиб сайланди. Бу ташкилотга 30 йилдан ортиқ Россия раислик қилган ва Ўзбекистон вакили илк маротаба сайланмоқда.
Меҳнат фаолияти
- 1993-1998 йилларда Тошкент давлат техника университетини, 1998-2000 йилларда Америка Қўшма Штатлари Яле университетини тамомлаган;
- 2000 йилда Молия вазирлиги Валюта иқтисод бош бошқармаси бош иқтисодчиси;
- 2001-2002 йилларда Вазирлар Маҳкамаси етакчи мутахассиси, бош мутахассиси;
- 2004-2005 йилларда Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Ўзбекистон ҳукумати “Рақамли ривожланиш ташаббуси” тараққиёти дастури координатори;
- 2005-2005 йилларда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ёрдамчиси;
- 2005 йилда қисқа муддат Бирлашган миллатлар ташкилоти тараққиёт дастури ва Ўзбекистон ҳукумати “Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш” лойиҳаси раҳбари;
- 2005-2008 йилларда Билимларни бошқариш ва Ахборот-коммуникация технологиялари ечимлари бўйича маслаҳатчи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Самарали бошқарув бўлими раҳбари;
- 2008-2010 йилларда Вазирлар Маҳкамаси аппарати ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти шуъба мудири;
- 2010-2012 йилларда Президент девони Ташкилий-кадрлар хизмати етакчи инспектори, бош инспектори;
- 2012-2014 йилларда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари;
- 2014-2016 йилларда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори;
- 2016-2017 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари;
- 2017-2018 йиллар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи;
- 2018 йилда қисқа муддат Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари;
- 2018-2021 йилларда Халқ таълими вазири;
- 2021 йилдан Рақамли технологиялар вазири;
- 2021 йил Алоқабанк кузатув кенгаши раиси.
Қизиқ маълумот
Шерзод Шерматов Халқ таълими вазири сифатида фаолият юритган кезларда унинг раҳбарлигида 2020 йил 14 ноябр куни Қарши шаҳрида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш ўтказилган ва олий таълим муассасаларига бирорта ҳам битирувчиси ўқишга кирмаган 191 та мактаб директорлари фаолиятига баҳо берилган. Узоқ йиллар давомида фаолият кўрсатиб, аммо натижага эришмаган 20 нафар мактаб директори ишдан олинган.
Бундан ташқари, Шерзод Шерматов Халқ таълими вазири сифатида фаолият юритган кезларда автомобилсиз кун лойиҳаси доирасида бир неча километрни пиёда юриб, ишга борган ва бошқа амалдорларга ўрнак кўрсатган.
Биринчи ўринбосар Пекос Олег Андреевич 1988 йилда Тошкент вилоятида туғилган. М.А.Бонч-Бруевич номидаги Санкт-Петербург давлат телекоммуникациялар университетида “Ахборот тизимлари ва технологиялари муҳандиси” мутахассислиги бўйича таҳсил олган.
Ўринбосар Махсудов Жамол Тиллоевич 1972 йилда Бухоро вилояти Пешку туманида туғилган.
Ўринбосар Каримжонов Рустам Олимжон ўғли 1987 йил 10 декабрда Қирғизистонда туғилган. Халқ таълими вазири ўринбосари, Халқаро ACSB – Association to Advance Collegiate Schools of Business (AACSB – бизнес мактабларини ривожлантириш ассоциацияси) – маълумотларига кўра, 2021 йилнинг энг нуфузли етакчи лидери сифатида эътироф этилган, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби. Корея Республикаси Халқаро Solbridj университети магистри.
Вазир маслаҳатчиси Собирова Камола Шавкатовна 1983 йил 13 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. АКТ вазирлигида ёшлар ва аёлларни IT соҳасига жалб қилиш ҳамда Ўзбекистонни Минтақавий IT марказига айлантириш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш бўйича фаолият олиб боради.
У машҳур шоир Шавкат Раҳмоннинг қизи. Бундан ташқари, рус, инглиз ва испан тилларини билади. Оилали ва 4 нафар фарзанди бор.
Ахборот хизмати раҳбари Ахматов Шерзод Мирзажахонович 1980 йилда Сирдарё вилоятида туғилган. 2004 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. 2019 йилда Ханкён миллий университети (Корея Республикаси) магистратурасини битирган.
2019 йилдан бери Шерзод Ахматов вазир матбуот котиби сифатида ишлаб келади.
Мафтуна Ёдгорова тайёрлади.
Камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги