Алишер Бобоев соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди
Вазирнинг аввалги биринчи ўринбосари Даврон Султонов ва ўринбосар Фаррух Шарипов президент видеоселекторида ишдан олинганди.

Президентнинг тегишли қарорига кўра, Бобоев Алишер Шукруллаевич Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Алишер Бобоев 1996 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаб, ушбу олий ўқув юртининг клиник ординатура йўналишида таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтида катта лаборант сифатида бошлаган.
Турли йилларда Тошкент фармацевтика институти тиббий биологик фанлар кафедраси катта лаборанти, Тошкент шаҳар Олмазор тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 1-сонли Республика клиник шифохонаси маслаҳат-диагностика поликлиникаси ҳамда Республика клиник шифохонаси урология бўлими сингари қатор муассасаларда шифокор-уролог, Соғлиқни сақлаш вазирлиги котибиятида бош мутахассис каби лавозимларда ишлаган.
II даражали "Саломатлик" ордени билан тақдирланган Алишер Бобоев тайинловга қадар Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил май ойида вазирнинг биринчи ўринбосари Даврон Султонов ва вазир ўринбосари Фаррух Шарипов ишдан олинганди.
Улар президент Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида лавозимидан озод этилган.