Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятини танийсизми?
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи тузилмани кимлар бошқаради?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги – озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи. 2018 йил 12 февралда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидан алоҳида ажралиб чиққан.
Вазир Абдурахмонов Иброҳим Юлчиевич 1975 йил 19 февралда Наманган вилоятида туғилган. 2012 йилда Ўзбекистон геномика ва биоинформатика марказига асос солган. Пахта геномикаси ва биотехнологиясига қўшган улкан ҳиссаси учун 2010 йилда TWAS ва ICAC мукофотлари совриндори бўлган. 2017-2022 йилларда Инновацион ривожланиш вазири лавозимида фаолият юритган. 2022 йилда Хитой халқаро маданий алмашувлар маркази (CICEC) ҳамда Global People ойномасининг "Ипак йўли дўстлик элчиси" унвони билан тақдирланган.
2023 йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири этиб тайинланган. Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига эса 2023 йилнинг октябр ойида тайинланган. Фанлар aкадемияси ҳамда Жаҳон фанлар академияси аъзоси. Бугунги кунда у ўсимликшунослик бўйича бир қанча халқаро ва миллий журналларнинг таҳририят кенгаши аъзоси.
Меҳнат фаолияти
- 1997-1998 йилларда Генетика ва экспериментал ўсимликлар биологияси институтида кичик илмий ходим, аспирант;
- 2002-2012 йилларда Фанлар академияси Генетика ва ўсимликларнинг экспериментал биологияси институти Геномик технологиялар маркази лабораториясининг лойиҳа менежери;
- 2002-2008 йилларда америкалик олимлар билан ҳамкорликда пахта геномикаси бўйича тадқиқотчи;
- 2008 йилда молекуляр генетика йўналиши бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, биология фанлари доктори илмий даражасини олган;
- 2011 йилда Фанлар академияси молекуляр генетика ва молекуляр биотехнология кафедраси профессори;
- 2012 йилда Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" уюшмасида янги мустақил тадқиқот маркази – Геномика ва биоинформатика марказини ташкил этиш жараёни, кейинчалик ташкилот раҳбари;
- 2017 йилда Фанлар академияси вице-президенти вазифасини бажарувчи;
- 2017-2022 йилларда Инновацион ривожланиш вазири;
- 2022 йилда Пахтачилик кенгаши раиси;
- 2022-2023 йилларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири;
- 2023 йилнинг 24 октябрдан Қишлоқ хўжалиги вазири.
Мукофотлари
- 2010 йил – TWAS Халқаро фанлар академияси мукофоти;
2016 йил – "Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил" кўкрак нишони; - 2018 йил – "Элсевиер" илмий нашриёти ва Олий таълим вазирлиги ҳамкорлигида "Қишлоқ хўжалигининг энг яхши олими-2018" мукофоти;
- 2021 йил – "Хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор“ давлат мукофоти;
- 2021 йил – Фан ва техника ривожига қўшган ҳиссаси учун "Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил" кўкрак нишони;
- 2022 йил – "Ипак йўли дўстлик элчиси" мукофоти;
- 2023 йил – ЮНЕСКОнинг табиий фанлар соҳасидаги тадқиқотлар бўйича халқаро мукофоти;
Ўринбосар Қосимов Акмалжон Маликжонович 1979 йил Андижон вилоятида туғилган. 2000 йил Қозон давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги – иқтисод фанлари номзоди. Ўқишни тамомлагандан буён қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси билан боғлиқ турли жойларда, қатор лавозимларда фаолият юритган. 2021 йил 30 октябрдан Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари. Илмий даражаси – биология фанлари доктори, профессор.
Ўринбосар Юлдашев Қаҳрамон Анварджанович 1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2007 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича телекоммуникация муҳандиси. 2021 йилдан буён Қишлоқ хўжалиги вазирининг аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Ўринбосар Шукуров Алишер Нематуллаевич 1983 йил Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган. Мутахассислиги – юриспруденция, халқаро экология ва қишлоқ хўжалиги. 2003 йилда Тошкент давлат юридик институтини (бакалавр), 2014 йилда Германия Грайфсвалд университетини (магистратура) тамомлаган. 2023 йилдан Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари.
Маслаҳатчи Абдуалимов Эшмирза Ўролович 1957 йилда Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган. Мутахассислиги – мухандис-механик, сиёсатшунос, иқтисодчи. 1979 йилда Тошкент автомобил йўллар институтини, 1990 йилда Ленинград олий партия мактабини, 2008 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. 2020 йилдан вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Вазирнинг иқтисодиёт, инновацион ривожланиш ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси Охунов Бунёджон Ашурматович бу лавозимда жорий йилнинг март ойида тайинланган. Бунга қадар қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари эди.
Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи – матбуот котиби Назиров Дилшодбек Бохадирович 1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаган. Мутахассислиги шарқшунос-филолог, араб тили ва адабиёти ўқитувчиси. Узоқ йиллар давомида ОАВ ва ахборот хизматларида катта тажриба орттирган. Жумладан, "Ўзбекистон 24" телеканали хроникал-ҳужжатли филмлар ва журналистик суриштирувлар студиясининг бош муҳаррири, Марказий сайлов комиссиясида ахборот сиёсати масалалари бўйича фаолият юритган. 2021 йилда "Шуҳрат" медали билан мукофотланган. 2023 йилдан буён Қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, матбуот котиби, ахборот хизматлари бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритиб келмоқда.
Одинахон Деҳқонова тайёрлади.
Камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Рақамли технологиялар вазирлиги