Ички ишлар вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

Ходимларини видеотасвирга олиб, интернетга жойлаганларни жазолаш ташаббусини илгари сурган тизимни кимлар бошқаради?

Жамият
25 апрель, 14:11
Ички ишлар вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

Ички ишлар вазирлиги 1991 йил 25 октябрда Ўзбекистон ССР ИИВ дан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига айлантирилган. Шу вақтдан буён то ҳозиргача вазирликда 20 дан ортиқ вазир фаолият юритган.

Ушбу вазирлик ИИО ходимларини тасвирга олиб, рухсатсиз ижтимоий тармоқларга жойлаганларни жавобгарликка тортиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ташаббускори ҳисобланади. Ўша пайтда мазкур ҳолат жамоатчиликнинг катта эътирозларига сабаб бўлган. Бу лойиҳа Олий мажлис депутатлари томонидан маъқулланиб, Сенатга юборилган. Ҳозирча Сенат бу масалани кун тартибига қўймаяпти.

Вазир Бобожонов Пўлат Раззақович 1961 йил 1 январда Хоразм вилояти Боғот туманида туғилган. 2019 йил 12 сентябрда “генерал-лейтенант” махсус унвони берилган.

Меҳнат фаолияти:

  • 1977-1982 – Тошкент давлат университети юридик факултети талабаси;
  • 1982 йилда ҳарбий хизмат;
  • 1982-1983 – Гурлан тумани прокурори ёрдамчиси;
  • 1983-1985 – Хоразм вилояти прокуратураси умумий назорат бўлими прокурори;
  • 1985-1991— Хоразм вилояти прокуратураси умумий назорат бўлими бошлиғи;
  • 1991-1992 – Хоразм вилояти Гурлан тумани прокурори;
  • 1992-1996 – Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари;
  • 1996-1999 – Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари – назорат инспекцияси бошлиғи;
  • 1999-2000 – президент девонининг ташкилий-кадрлар сиёсати масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси хизматининг етакчи консултанти;
  • 2000-2005 – бош прокурор ўринбосари;
  • 2005-2006 – Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи;
  • 2006-2011 – Жиззах вилояти прокурори;
  • 2011-йилда қисқа муддат Бухоро вилояти прокурори;
  • 2011-2012 – Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари;
  • 2012-2017 – Хоразм вилояти ҳокими;
  • 2017-2018 – Ўзбекистон футбол федерацияси вице-президенти;
  • 2017 йилдан – Ички ишлар вазири;
  • 2023 йил 18 февралдан – Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси.

Қизиқ маълумот

Пўлат Бобожонов 2016 йилдан кейин тайинланган вазирлар орасида ОАВдан “узоқ” вазир сифатида танқид қилинган. Хусусан, бу ҳақда ВВC нашри ҳам, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистон ҳукуматидаги матбуот ва маҳаллий журналистлар учун энг ёпиқ бўлган амалдорлардан, дея қайд этган. Шундан кейин, 2022 йил Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманларидан бирида журналистлар ички ишлар вазири нима учун оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказмаслигига ҳам изоҳ сўрашган. Вазирнинг матбуот котиби Шохрух Ғиёсов бу саволга: “Вазиримиз йилда икки марта Сенатда жамоатчилик олдида ҳисобот беради. Бу нарса доимий равишда ёритиб борилади. Бундан ташқари, вазиримиз вилоятларга борганида у ердаги ОАВ вакиллари саволларига жавоб беради, улар ҳам таклиф этилади. Балки бизнинг айбимиз буни ёритиб бера олмаётганимиздир”, деб жавоб берган.

2022 йилда блогер ва публицист Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, Тошкент шаҳрида бир кишилик пикет уюштирган. Блогер ВВCга берган интервюсида ички ишлар тизимидан норозилик “шахсий сабаблар туфайли эмас, балки фуқаролик позицияси билан боғлиқ эканини айтиб, Қўқондаги ИИБ муассасасида 15 ёшли боланинг ўлдирилиши бу ерга чиқишимда асосий омил бўлди”, деган. Вазирнинг матбуот котиби эса Пўлат Бобожонов жамоатчилик унинг истеъфосини талаб қилаётганидан хабардор эканини маълум қилган. Анжуманда Ғиёсов вазирнинг у одам билан гаплашиб, нима муаммоси борлигини аниқлашлари бўйича топшириқ берганини айтган ва вазирнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқларни доимий равишда кузатиб боришини қўшимча қилган. Хусусан, 2019 йилда вазир Пўлат Бобожоновнинг ўзи ҳам интернет тармоқларини мунатазам кузатиб боришини билдирган.

Биринчи ўринбосар Раҳмонов Шавкат Наврузович бир вақтнинг ўзида Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи ҳам ҳисобланади. Унвони полковник. Раҳмонов бу лавозимга 2023 йилда тайинланган. Бунга қадар Наманган ва Самарқанд вилоятлари Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

Ўринбосар Абдуллаев Бекмурод Тожимирзаевич бир вақтнинг ўзида Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи. Бу лавозимга қадар Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўринбосар Назармухамедов Даврон Абитович бир вақтнинг ўзида маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи. 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2019-2023 йилларда Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 2015-2017 йилларда президентнинг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси бўлган. 2017 йил 14 январда унга генерал-майор унвони берилган.

Ўринбосар Ашропов Рамазон Ахматхўжаевич бир вақтнинг ўзида Тергов департаменти бошлиғи. Полковник Рамазон Ашрапов бу лавозимга қадар Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Ўринбосар Курбанов Зуфар Камилевич бу лавозимга қадар “Ўзбектелеком”да раҳбар лавозимларда ишлагани айтилади. Аммо айнан қандай лавозимда ишлагани ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ.

Ўринбосар Нишанбаев Саидкарим Абдухокимович бу лавозимга 2020 йилда тайинланган. Тайинловга қадар Ички ишлар вазирлигининг Ташкилий департаменти, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, 2017-2018 йилларда Тошкент вилоят ИИБ бошлиғи лавозимида ҳам ишлаган.

Ўринбосар Мирзарахимов Баходир Юлдашевич бир вақтнинг ўзида Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бошлиғи. Унвони генерал-майор. У ҳам 2021 йилда шу лавозимга тайинланган.

Маслаҳатчи Алматов Зокиржон Алматович 1949 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган. 2018 йилда ички ишлар вазирининг махсус маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Қизиқ маълумот

Зокиржон Алматов Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейинги биринчи ички ишлар вазири бўлган. У бу лавозимда 2005 йил, токи соғлиғи ёмонлашгунга қадар фаолият олиб борган. 2006 йил бошида эса расман ишдан бўшатилган.

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи Рўзиев Хуршидбек Хасанович.

Ахборот хизмати раҳбари вазир матбуот котиби Ғиясов Шохрух Камалитдинович ички ишлар органларидаги фаолиятини 1996 йилдан бошлаб, шу кунга қадар турли лавозимларда хизмат қилиб келган. Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга.

Одинахон Деҳқонова тайёрлади.


Камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


Инвестициялар вазирлиги


Қурилиш вазирлиги


Олий таълим вазирлиги


Рақамли технологиялар вазирлиги


Экология вазирлиги


Адлия вазирлиги


Бош прокуратура


Ташқи ишлар вазирлиги


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


Энергетика вазирлиги


Маданият вазирлиги

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+