Президент ички ишлар соҳаси ходимларини табриклади
Жорий йилда мамлакат маҳаллаларининг қарийб ярмида жиноят содир этилмаганини таъкидланди. Кибержиноятларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилаётгани қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.
Давлат раҳбари халқ осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги фидокорона хизматлари учун соҳа вакилларига миннатдорлик билдирди.
"Жорий йилда маҳаллаларимизнинг қарийб ярмида жиноят содир этилмагани – ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари ва аҳолининг ҳамкорликдаги меҳнати самарасидир. Энди бу тажрибани кенгайтириб, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур.
Жамоат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгаймоқда. Кибержиноятларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда.
Гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса, ёшларимизни бу иллатлар таъсиридан асраш муҳим вазифамиз бўлиб қолмоқда. Бунинг учун замонавий билим ва пухта тайёргарлик зарур. Шу боис, кадрлар тайёрлашда назарияни амалиёт билан боғлаш, дуал таълимни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий мутахассислар тажрибасидан фойдаланишга катта аҳамият бермоқдамиз", дейилади табрикда.
Давлат раҳбари ички ишлар ходимларини қонунга қатъий риоя қилиш, фуқароларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва халқ ишончини мустаҳкамлашга чақирди.





