Андижонда жиноят олами вакиллари қамоққа олинди
Ҳозирда уларнинг содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларга алоқадорликлари ўрганилмоқда.
Андижон вилоятида "Долзарб 40 кунлик" махсус профилактик тадбирлари доирасида бир қатор жиноят олами вакиллари, ўзидан "етакчи" ясаб олганлар ҳамда уларга яқин бўлган шахслар ушланди.
Хусусан, 5 декабрь куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Жиноят кодексининг 104, 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этгани учун К.А.Х., Ш.Ф.П, Э.Б.Т. ва П.А.А. ушланди.
Улар вилоят ҳудудида оилавий зўравонлик, майда безорилик, валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганликлари аниқланиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Ҳозирда уларнинг содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларга алоқадорликлари ўрганилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда "Салимбой" номи билан танилган Салим Абдувалиев, “Сайидазиз медгородок”, “Бахти Ташкентский” ва унинг Фарғонадаги шериги, Тошкентда яна 10 киши ва зўравонликда айбланиб Б.Б.А. (1985 й.т.) қўлга олинган эди. Шунингдек, "тозалаш" ишлари Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Наманганда ҳам бошлаб юборилган.