Андижонда замонавий интенсив усулда кўчат етиштириш йўлга қўйилди
Кўчатлар ерда эмас, уруғидан махсус кичик идишларда иссиқхона шароитида замонавий технологиялар тизими ёрдамида парвариш қилиниши сабабли тез муддатларда ўсиб тайёр бўлади. Натижада вақт, энергия ва харажат тежалади. Бу илғор тизим кўмагида хориждан келтирилган ўсимликлар уруғларининг мамлакатимиз иқлим шароитига мослашувчанлиги таъминланади.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев айни дамда Андижон вилоятида расмий ташриф билан бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳудудда Президент ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида янгича тизимга ўтилмоқда. Хусусан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Андижон давлат ўрмон хўжалигининг Балиқчи ўрмон бўлими ҳудудида янги замонавий кўчатхона барпо этилган.
Маълумот учун, Президентнинг 2025 йил 30 майдаги 90-сон Фармонида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ўрмонларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий кўчатчиликни ривожлантириш, уруғчилик ва селекция ишларини кучайтириш ҳамда соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Замонавий кўчатхоналар ҳам бу борада муҳим қадам ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, Жанубий Кореянинг замонавий илғор технологиялари билан жиҳозланган ушбу кўчатхонанинг умумий ер майдони 5 ярим гектардан иборат. Бугун бу ерда қарийб 40 хил турдаги дарахт ва бута кўчатлари ҳамда доривор ўсимликлар интенсив усулда парвариш қилинмоқда.
Мутахассисларга кўра, кўчат етиштиришда ушбу замонавий усулларнинг бир қанча ўзига хос афзалликлари мавжуд. Биринчидан, кўчатлар ерда эмас, уруғидан махсус кичик идишларда иссиқхона шароитида замонавий технологиялар тизими ёрдамида парвариш қилиниши сабабли тез муддатларда ўсиб тайёр бўлади. Натижада вақт, энергия ва харажат тежалади. Иккинчидан, бу илғор тизим кўмагида хориждан келтирилган ўсимликлар уруғларининг мамлакатимиз иқлим шароитига мослашувчанлиги таъминланади. Бундай муҳитда етиштириладиган кўчатларнинг кўкарувчанлик даражаси ҳам сезиларли ортади.
Бу ерда қурилган ҳар бир инфратузилма объекти, жорий этилган ҳар бир технология ва йўлга қўйилган ҳар бир агротехник жараён битта мақсадга — юқори сифатли, стандарт талабларига жавоб берадиган ҳамда юқори яшовчанлик хусусиятига эга кўчатларни етиштиришга хизмат қилади. Асосий мақсад Андижон ва бошқа илғор ўрмон хўжаликларида амалга оширилаётган тадбирларни бошқа барча ҳудудларда кенг жорий этиш, соҳани “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида тизимли ривожлантиришдан иборат. Муҳими, бундай кўчатхоналар мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини сифатли кўчатлар билан таъминлаш, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, шаҳар ва қишлоқларда яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатишда муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, Президент ташаббуси билан нафақат Андижон, балки бутун Республика миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда янги тизимга ўтилмоқда. Унга кўра, районлаштирилган экиш мавсумига амал қилинади. Кўчатлар об-ҳаво, гидрометеорологик маълумотлар ва олимлар хулосалари асосида, ҳудуд иқлими ва тупроғига мос турлардан танланади.
Маҳаллий, шўрланиш, совуқ, иссиқ ва сувсизликка чидамли турларга устуворлик берилиб, ер тайёрлаш, тежамкор суғориш, масъулларни белгилаш ва 3 йиллик парваришни қамраб олган тўлиқ циклди ёндашув жорий этилади. Лойиҳани амалга ошириш жараёни электрон платформа, сунъий интеллект ва масофавий мониторинг орқали назорат қилинади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 октябрдан “Маҳаллам — яшилзор” дастури доирасида маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш, микро-ўрмонлар ва кичик жамоат боғларини барпо этиш, фуқароларга дарахт экиш ва парваришлаш бўйича амалий кўникмалар бериш йўлга қўйилади. Шунингдек, “3-30-300” тамойили асосида яшил ҳудудларни кўпайтириш, компостлаш ва мульчалашни кенг жорий этиш, “Яшил лот”ларни ташкил қилиш ҳамда “Яшил AI” модулини тажриба тариқасида ишга тушириш режалаштирилган. 2027 йилдан давлат ташкилотларида газон экиш босқичма-босқич чекланиб, мавжуд газонларни сув тежовчи ксерискейпинг усулига ўтказиш кўзда тутилган. 2026 йил куз мавсумида жами 140 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.




