platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Пойтахтдаги қурилиш майдонида жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланди

Қурилиш майдонининг кириш-чиқиш йўлларида юк машиналари ғилдиракларини ювиш учун блок-постлар умуман қурилмаган, натижада лой ва тупроқ "Жарқўрғон" кўчаси бўйлаб 2–2,5 километр масофагача ёйилиб кетган. 

Пойтахтдаги қурилиш майдонида жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополиция ходимлари томонидан Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Жарқўрғон кўчасида кўп қаватли турар жой мажмуасини қураётган "B..D." МЧЖ фаолияти ўрганилди.

Текширув Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ўтказилди. Ўрганиш давомида мажмуада ҳар бир босқич учун Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олинган бўлса-да, хулосаларда белгиланган талабларнинг кўпи бажарилмагани маълум бўлди.

Хусусан, қурилиш майдонининг кириш-чиқиш йўлларида юк машиналари ғилдиракларини ювиш учун блок-постлар умуман қурилмаган, натижада лой ва тупроқ "Жарқўрғон" кўчаси бўйлаб 2–2,5 километр масофагача ёйилиб кетган. Лой қуригач, ўтаётган машиналар уни майдалаб, ҳавога кучли чанг кўтармоқда. Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари эса умуман ишлаб чиқилмаган.

Пойтахтдаги қурилиш майдонида жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланди

Қолаверса, эски бинолар бузилишидан ҳосил бўлган 126 188,9 тонна чиқинди ва котлован қазишдан чиққан 368 432 тонна тупроқ қаерга олиб кетилгани ҳақида корхона ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади.

Мутахассис ўлчовига кўра, ҳудудда 12 036 тонна қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиси белгиланмаган жойда тўплаб қўйилган. Чиқиндиларни олиб чиқиш ва оқова сувларни ташиш бўйича шартномалар ҳам тузилмаган.

Бундан ташқари, 51 туп дарахт рухсатсиз, ноқонуний йўқ қилинган. Корхона 50 туп арча ва 1 туп чинорни кесиш учун ариза берган, бироқ Тошкент шаҳар экология бош бошқармаси томонидан рухсат берилмаган. Шунга қарамай, текширув вақтида бу дарахтлар кесиб ташлангани аниқланди.

Пойтахтдаги қурилиш майдонида жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланди

Корхона томонидан экспертиза талаблари ҳам бажарилмаган. "Яшил макон" дастури бўйича ҳудуднинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш, углерод нейтраллиги режасини ишлаб чиқиш ва бошқа мажбуриятлар ижро этилмаган. Юқорида қайд этилган ҳолатлар "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги ва "Чиқиндилар тўғрисида"ги қонунлар талабларига зид.

Корхонага нисбатан атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни ноқонуний жойлаштирганлик учун 5 млрд 183 млн 364 минг 476 сўм компенсация тўлови ҳисобланди. Шу билан бирга, йўқ қилинган дарахтлар учун ўсимлик дунёсига етказилган 396 млн сўм зарарни қоплаш белгиланди. Қолаверса, йўқ қилинган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан (жами 5100 туп кўчат) камида 3 йиллик кўчат экиш ва уларни 3 йил давомида парвариш қилиш мажбурияти юклатилди. Корхона раҳбарига МЖтКнинг 85¹-моддаси 1-қисми бўйича 4 млн 400 минг сўм маъмурий жарима қўлланди.

Ўз навбатида корхонага чанг кўтарилишининг олдини олиш ва ҳавони муҳофаза қилиш чораларини дарҳол кўриш, ҳудуддаги чиқиндиларни ўлчаб, олиб чиқиш ва қайта ишлашга топшириш, "Экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнот" лойиҳасини 10 декабргача экспертизадан ўтказиш ва бошқа зарур кўрсатмалар берилди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid