Қирғизистонда уйларни "котлован" босқичида сотиш тақиқланди
Давлат архитектура ва қурилиш назорати департаментига ушбу талабларнинг бузилишини, жумладан, ноқонуний реклама, савдо бошланиши ва маблағларни жалб қилишни аниқлаш топширилди.

Қирғизистонда қурувчиларга "ноль қурилиш цикли" (котлован) тугагунга қадар квартираларни сотиш, улушли иштирок шартномаларини тузиш ва лойиҳаларни реклама қилиш тақиқланди, деб хабар беради 24.kg.
Маълумотларга кўра, Қирғизистон Қурилиш, архитектура, уй-жой ва коммунал хизматлар вазири Нурдан Орунтаев тегишли буйруқни имзолади.
Ноль қурилиш цикли пойдевор қўйиш ва ер ости қурилиш ишларини тўлиқ якунлашни ўз ичига олган қурилиш босқичини англатади. Ушбу босқич тугагунга қадар қурувчиларга қуйидагилар тақиқланади:
-қурилаётган лойиҳаларда турар жой ва турар жой бўлмаган биноларни сотиш;
-жисмоний ва юридик шахсларнинг қурилиш учун маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ улушли иштирок шартномалари, дастлабки шартномалар ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузиш; қурилиш лойиҳаларини реклама қилиш.
Давлат архитектура ва қурилиш назорати департаментига ушбу талабларнинг бузилишини, жумладан, ноқонуний реклама, савдо бошланиши ва маблағларни жалб қилишни аниқлаш топширилди.
Мутахассислар аллақачон қурилиш компаниялари билан тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.
Аввалроқ Ўзбекистонда Imarat компанияси таъсисчиси Марат Ҳамдамов қўлга олинганди. У улушдорларга вақтида квартираларни тақдим этмаслик ортидан юзага келган можаро сабаб ушланди.





