Марат Ҳамдамов процессуал тартибда қўлга олинди
Аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси "Imarat Development" масъулияти чекланган жамияти раҳбариятига нисбатан жиноят иши очганди.

"Imarat Development" қурилиш лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилаётган жиноят ишида гумонланувчи тариқасида жалб этилган ва ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.
Компания тақдим қилган кўплаб лойиҳаларидаги хонадонлар мижозларига ваъда қилинган (шартномада кўрсатилган) муддатларда топширилмагани ортидан муаммолар юзага келганди.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси "Imarat Development" масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 192 прим 11-моддаси билан жиноят иши қўзғатганди.
Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, жиноят иши доирасида М.Х. ва Ж.А. Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси (Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг ушлаб туриш) тартибида ушланган.
Маълумот учун ЖПКнинг 227-моддасига кўра суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг ушлаб туриш, гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги қарори асосида ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган ходими ушланган шахсни энг яқин ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга дарҳол олиб бориши шарт.





