“Imarat” раҳбариятига нисбатан жиноят иши очилди
Турар жойлар Тошкент вилояти ҳудудида қурилаётгани сабабли айрим фуқаролар норозилик билдириб, хонадонлар учун амалга оширган тўловларини қайтаришни сўраб, МЧЖ раҳбариятига мурожаат қилишган. Бироқ тўловлар қайтарилмаган.

Сергели туманидаги Буюк авлод шоҳ кўчасида офиси жойлашган “Imarat Development” МЧЖ фаолияти юзасидан бир неча фуқаро томонидан ишончсизлик билдирилиб, жамият раҳбариятига нисбатан қонуний чора кўриш сўралган.
Мазкур мурожаатлар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган текширув давомида қуйидагилар аниқланган:
“Imarat Development” МЧЖ томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли турар жой бинолари Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани ҳудудида жойлашган.
Ушбу турар жойлар Тошкент вилояти ҳудудида қурилаётгани сабабли айрим фуқаролар норозилик билдириб, хонадонлар учун амалга оширган тўловларини қайтаришни сўраб, МЧЖ раҳбариятига мурожаат қилишган, бироқ тўловлар қайтарилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 192 прим.11-моддаси (“Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
“Тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда прокуратура томонидан назоратга олинган. Тергов натижаларига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.





