platina.uz
Жамият

Қурилиш майдонларида рейдлар ўтказилади

Махсус комиссия қабул қилган қарорлар, кўрсатмалар барча учун мажбурий ҳисобланади.

Қурилиш майдонларида рейдлар ўтказилади

Тошкентда экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича махсус комиссия бир ҳафта муддатда қурилиш учун ажратилган 500 м2 ва ундан ортиқ майдонларда қуйидаги талаблар асосида комплекс текширув ишларини амалга оширади.

Бунда:

  • умумий майдонининг 25 фоизи кўкаламзорлаштирилган;
  • қурилиш майдонларида сув пуркагичлар ўрнатилган;
  • қурилиш майдонларининг кириш-чиқиш йўлакларида автотранспорт воситалари ғилдиракларини ювиш ҳовузлари барпо этилган;
  • қурилиш материаллари ва маиший чиқиндиларни ташишда транспорт воситаларининг брезент ёки ПВХ қопламали материаллардан тайёрланган тент билан ёпилган тарзда ҳаракатланиши керак.

Махсус комиссия қабул қилган қарорлар, кўрсатмалар барча давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Қурилиш майдонининг чиқиш йулларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйилмаётгани ўрганилади.

Шунингдек:

  • майдони 1000 квадрат метрдан кўп бўлган қурилиш участкаларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ва уни Экология қўмитасига интеграция қилиш қурилишни давом эттиришнинг энг асосий шарти этиб белгиланади;
  • Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ёз-куз мавсумида асосий йўл четларида мавжуд бўлган дарахт ва буталарни куннинг биринчи ярмида ҳамда ҳафтада камида 3 марта ювиш ва тегишли хулосага асосан биотехник тадбирлар амалга оширилади;
  • жисмоний ва юридик шахслар ўзлари эгалик қилиб турган ер майдони ҳудудидаги дов-дарахтларни суғориш мақсадида ичимлик сувидан фойдаланиш вақтига қўйилган чеклов (соат 00:00 дан бошлаб 05-00 гача) баҳор ва ёз фаслларида бекор қилинади, ичимлик сувидан бошқа мақсадларда фойдаланиш бўйича чеклов ўз кучида қолади;
  • кўп квартирали уйларга суғориш учун сув резервуарлари ўрнатилади.

Тошкент шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавосининг сифатига ижобий таъсир кўрсатадиган микроиқлим барқарорлигини таъминлаш мақсадида уч ой ичида пойтахтнинг 4 та йўналишида (шарқ, ғарб, шимол ва жануб) камида З тадан сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади.

Тошкент шаҳридаги фавворалар сонини камида 2 бараварга кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрланади.

Бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги барча иссиқхона объектларига табиий газ етказиб берилади.


© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid