Қурилишда экологик талаблар кучайтирилади
“Шамол йўлаклари”ни сақлаш, экологик экспертиза хулосасини қурилиш жараёнларида мажбурий ҳисобга олиш бўйича мастер-режалар ҳам ишлаб чиқилади.

Қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилади. Президент Шавкат Мирзиёев “Тоза ҳаво” лойиҳаси тақдимоти билан танишди.
Унга кўра, янги қуриладиган йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувур ва контейнерлар орқали тушириш, майдонларни ҳимоя тўсиқлари билан ўраш, онлайн кузатув камераларини ўрнатиш каби талаблар белгиланади.
Шунингдек, “шамол йўлаклари”ни сақлаш, экологик экспертиза хулосасини қурилиш жараёнларида мажбурий ҳисобга олиш, шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Тақдимотга кўра, 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.
Амалга оширилган тезкор чоралар натижасида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати муайян даражада яхшиланган. Жумладан, 2026 йил январ-феврал ойларида PM2,5 концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли пасайган. Энди бу йўналишда ҳудудий дастурлар босқичма-босқич қабул қилиниб, ҳар бир вилоятда таҳлил ва диагностика, ягона ҳаво мониторинги ҳамда ифлосланиш манбаларини инвентаризация қилиш ишлари ташкил этилади.
“Тоза ҳаво” лойиҳасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилган. Маҳсулотининг маълум қисмини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, филтрлар, чанг-газ тозалаш ҳамда энергия самарадор ускуналарни кенг жорий этиш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги саноат корхоналарида мажбурий автоматик мониторинг постлари ўрнатилиб, уларнинг маълумотлари ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Бундай талабларга амал қилмаган субъектлар учун компенсация тўловлари кескин оширилади.
