Андижонда “Энергосавдо” юрисконсулти қўлга олинди
У электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш бўйича ҳисобланган моддий зарарни бартараф этиб бериш эвазига пора сўраган.

“Энергосавдо” юрисконсултига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Энергосавдо” филиали Андижон бўлинмаси етакчи юрисконсулти пишлоқ ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖга нисбатан расмийлаштирилган далолатномага кўра, электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш бўйича ҳисобланган 788,4 млн сўмлик моддий зарарни бартараф этиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Жорий йилнинг 1 май куни у сўралган пул маблағидан 500 АҚШ долларини олган.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у қолган 4500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда юрисконсултга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
