“Қамчиқ” орқали туристик микроавтобус қатновига 1 майдан рухсат берилди
Бу бўйича Президент қарори имзоланди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда Қамчиқ довони орқали йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари 14 гача ўриндиққа эга транспорт воситаларига рухсат берилди.
Бунда қуйидаги талаблар қўйилди:
▪️фақат 1 апрелдан 1 ноябрга қадар бўлган даврда кундузи;
▪️ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган ва газ баллон ускуналари ўрнатилмаган;
▪️секинлаштирувчи ускунаси (тоғ тормози) мавжуд бўлган;
▪️ҳаракатни кузатиш навигация қурилмаси ва тахограф ўрнатилган;
▪️транспорт воситаларида камида 7 йил стажи бор ҳайдовчиларга лицензия мавжуд бўлиши шарт.
Бу микроавтобуслар фақат туристларни ташиш учун мўлжалланган бўлиши керак.
Аввалроқ, Президент туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш борасидаги видеоселектор йиғилишида бу ҳақда маълум қилганди.