platina.uz

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги махфий ҳарбий маълумотлар бўйича битим маъқулланди

Битим лойиҳаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган бўлиб, муқаддима ва 25 та моддадан иборат. 

Сиёсат
18 май, 15:50
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги махфий ҳарбий маълумотлар бўйича битим маъқулланди

Олий Мажлис сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан АҚШ Мудофаа вазирлиги ўртасида махфий ҳарбий маълумотларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси кўриб чиқилди.

Бу битим Вашингтонда 2023 йил 9 июнда имзоланган.

Мазкур қонунни Халқаро муносабатлар ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси тайёрлаган. Қўмита раиси Равшанбек Алимов муҳокамалар жараёнида сўзга чиқиб, АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани ва ўтган йиллар давомида юртимизнинг муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб қолаётгани ҳамда икки давлат ўртасидаги алоқалар муттасил ривожланиб келаётганини таъкидлади.

Қўмита раисининг айтишича, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 15-17 май кунлари АҚШга расмий ташрифи Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари стратегик ривожига кучли туртки бўлди. Икки давлат ўртасидаги шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири, албатта, ҳарбий-техникавий шериклик ҳисобланади. Жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, мавжуд ҳарбий таҳдидлар - Ўзбекистон Республикаси Қуроллик кучларининг ривожланган давлатлар, жумладан АҚШ билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришини тақозо этмоқда.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан АҚШ Мудофаа вазирлиги ўртасидаги махфий ҳарбий маълумотларни ҳимоя қилишнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги битимни ратификация қилиш масаласи икки томонлама муносабатларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Равшанбек Алимов Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик даражаси, шунингдек, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятининг кафолатларини яратиш мақсадида ушбу битимни ратификация қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблашини билдирди. Битимни ратификация қилиш тегишли масалаларда махфий ҳарбий маълумотларни ўзаро манфаатли алмашув учун зарур шарт-шароит яратини таъкидлади.

Битим лойиҳаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган бўлиб, муқаддима ва 25 та моддадан иборат.

Муҳокамада ушбу Битимнинг ратификация қилиниши республикамиз амалий қонунчилигига қандайдир ўзгартиришлар киритиш ва ва бюджетдан тегишли қўшимча маблағлар ажратишни талаб қилмаслиги, у Қўмита томонидан чуқур ўрганиб чиқилгани ва қўмита ушбу қонун ҳудудлар манфаатига зид эмас, деган хулосага келгани маълум қилинди.

Қонун сенат аъзоларида саволлар туғдирмади. Қонун лойиҳасини қабул қилишга қарши ва бетарафлар бўлмади. Қонун сенаторлар томонидан бир овоздан қабул қилинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+