platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Сиёсат

"C5+1" Самарқандда: Ўзбекистон капитал, технологиялар ва минтақавий бозорларга эътибор қаратмоқда

Самарқандда сиёсий тадбирлар билан бир қаторда, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тайёрланган ишбилармонлик дастури ҳам бўлиб ўтади. 19 октябрь куни олтита тармоқ сессиясини ўтказиш режалаштирилган.

"C5+1" Самарқандда: Ўзбекистон капитал, технологиялар ва минтақавий бозорларга эътибор қаратмоқда

Самарқанд Марказий Осиё давлатлари ва АҚШни яна бир бор шу ерда 2015 йилда тарихи бошланган "C5+1" форматда ўзида жамламоқда. 2023 йилдан бери ташқи ишлар вазирлари учрашувларига давлат раҳбарларининг музокаралари ҳам қўшилди. Энди сиёсий келишувлардан – инвестицияларга, технология ва ҳамкорликдан - ишлаб чиқариш жараёнларига ўтиш диққат марказида турибди.

Самарқанддаги тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади. Президентнинг АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Марказий Осиё давлатлари дипломатик идоралари ҳамда етакчи америка компаниялари раҳбарлари билан учрашувлари ҳам режалаштирилган. Сиёсий музокаралар кейинчалик соҳа идоралари ва бизнес батафсил ишлаб чиқадиган устувор йўналишларни белгилаб беради. Давлатимиз раҳбари бундай ёндашувни 2023 йилда Нью Йоркдаги илк етакчилар саммити ва 2025 йилда Вашингтондаги учрашувда илгари сурган эди.

Ўзбекистон вакиллари Вашингтонда эълон қилган таклифлари бундай ёндашувга ташкилий мазмун бағишлайди. Доимий котибият ишларнинг ворисийлигини таъминлаши, инвестиция ва савдо бўйича вазирларнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши давлат тизимларини компаниялар ва молиявий институтлари билан боғлаши, “Марказий Осиё инвестицион шериклиги” эса трансчегаравий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши мумкин. Айни пайтда мазкур ташаббуслар форматнинг барча иштирокчилари ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда кўптомонлама диалог доирасида ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодий соҳада доимий ҳамкорликни икки томонлама даражада йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Уч йиллик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда, Америка — Ўзбекистон бизнес ва инвестициялар кенгаши ўз фаолиятини бошлади. Август ойида Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп эришилган келишувларнинг ижросини муҳокама қилишган эди. Кейинчалик Ўзбекистон раҳбари АҚШ Конгресси вакиллари ҳамда АҚШ Президентининг махсус вакили билан учрашувлар ўтказиб, энергетика, транспорт, муҳим минераллар, рақамли технологиялар ва қишлоқ хўжалиги масалаларига алоҳида эътибор қаратди. "C5+1" формати эса икки томонлама ҳамкорликка бир нечта мамлакатнинг ўзаро мувофиқлашувини талаб этадиган вазифаларни ҳам қўшади.

Икки томонлама иқтисодий алоқалар кенгайиб бормоқда. 2025 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларни ташкил этди. 2026 йилнинг январь–август ойларида эса бу кўрсаткич 810,4 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33,4 фоизга ошди. Ўзбекистонда Америка капитали иштирокидаги 377 та корхона фаолият юритмоқда, йилнинг дастлабки саккиз ойида эса 1,8 миллиард доллар ўзлаштирилди.

Ишбилармонлик дастури

Самарқандда сиёсий тадбирлар билан бир қаторда, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тайёрланган ишбилармонлик дастури ҳам бўлиб ўтади. 19 октябрь куни олтита тармоқ сессиясини ўтказиш режалаштирилган. Улар рақамли технологиялар, таълим ва соғлиқни сақлаш, минерал ресурслар, энергетика ва транспорт, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик, молия ва инвестициялар соҳаларини қамраб олади. Сессиялар якунида компаниялар ўртасида бевосита музокаралар, шунингдек, лойиҳалар параметрлари ва молиялаштириш манбаларини муҳокама қилиш мақсадида бизнес вакилларининг давлат органлари вакиллари билан учрашувлари бўлиб ҳам ўтади.

Ўзбекистоннинг иқтисодий режалари ишбилармонлик дастурининг кўламини англаш имконини беради. 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди, жалб этилган инвестициялар ҳажми эса 43 миллиард долларга етди. 2026 йилда умумий қиймати 52 миллиард доллар бўлган 782 та саноат ва инфратузилма лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун узоқ муддатли капитал, муҳандислик ечимлари ҳамда халқаро бозорларга чиқиш имкониятига эга ҳамкорлар зарур.

Молиявий сессияда Citigroup, JP Morgan ва Franklin Templeton компаниялари иштирок этиши кутилмоқда. Саноат ва инфратузилма лойиҳалари учун узоқ муддатли молиялаштириш шартлари ва хатарларни тақсимлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон инвесторлар учун алоҳида ҳуқуқий режимга эга Тошкент халқаро молия марказини ташкил этмоқда. Бир нечта мамлакат иштирокидаги қўшма ташаббусларни тайёрлашда эса унинг воситаларини таклиф этилган минтақавий фонд билан тўлдириш мумкин.

Киритилаётган инвестициялар ҳажми билан бир қаторда, ишлаб чиқариш занжирининг қайси қисми Ўзбекистонда шакллантирилиши ҳам катта аҳамиятга эга. 2030 йилга қадар мамлакат саноатдаги қўшилган қийматни 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказишни, юқори ва ўртачадан юқори технологик тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмини эса 2,5 баробар оширишни мақсад қилган. Минерал ресурсларга бағишланган сессияда Traxys, FLSmidth ва ReElement компаниялари иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг салоҳияти соҳанинг турли бўғинларини қамраб олади. Traxys металлар ва минераллар халқаро савдоси ҳамда логистикасига ихтисослашган. FLSmidth компанияси билан кончилик ва маъданни бойитиш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланган, ReElement компанияси билан эса вольфрам конларини ўзлаштириш бўйича келишувга эришилган.

АҚШ учун нодир (камёб) минераллар масаласи таъминот ишончлилиги билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон эса конларни ўзлаштириш орқали янада юқори саноат самарадорлигига эришишга интилмоқда.2026 йил февраль ойида икки мамлакат ҳукуматлари бундай ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида таъминот барқарорлиги тўғрисидаги меморандумни имзолашди. Президент Шавкат Мирзиёев «C5+1» формати доирасида геологик қидирув ишлари, қазиб олиш, чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга илгари суришни мувофиқлаштириш учун минтақавий даражада махсус қўмита тузишни таклиф этди.

Қайта ишлаш кўламининг кенгайиши транспорт ва энергетика масалаларига алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғлайдиган транспорт ва энергетика лойиҳаларини АҚШ иштирокида амалга оширишни таклиф этди. Тегшли сессияда Boeing, Wabtec ва Air Products компаниялари иштирок этиши кутилмоқда. Иштирокчилар таркиби транспорт тизимларини зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва янги саноат майдонларини энергия билан таъминлаш масалаларини атрофлича муҳокама қилиш имконини беради.

Технологик янгиланиш иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ҳам қамраб олмоқда. Рақамли технологиялар йўналишида Google ва Meta, соғлиқни сақлаш масалалари муҳокамасида GE HealthCare, қишлоқ хўжалиги соҳасида эса Valmont Industries компанияларининг иштироки кўзда тутидган. Бу ерда гап корхоналарни рақамлаштириш, кадрлар тайёрлаш, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш ҳақида кетмоқда.

Самарқанддаги тиғиз ва сермазмун ишбилармонлик дастури тармоқларга оид муҳокамалар билан чекланмайди. Панель сессиялари билан бир қаторда, B2B ва B2G форматларида бевосита музокаралар ҳам ўтказилмоқда. Уларда муайян инвестицион ташаббуслар, уларни амалга ошириш шартлари ва молиялаштириш механизмлари муҳокама қилиняпти. Устувор тармоқлардаги йирик лойиҳалар бўйича аллақачон келишувларга эришилган. Мулоқотнинг бундай амалий йўналиши Ўзбекистон ва АҚШнинг иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологияларни жалб этиш ва узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканини намоён этади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid