platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Сиёсат

АҚШ Ўзбекистонга нега қизиқмоқда? Консул Аҳрор Бурҳонов билан суҳбат

​Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида янги имкониятларни очиб берадими? Америкалик тадбиркорларнинг қизиқиши, инвестицияларни ҳимоя қилиш, туризм ва ўзбекистонликлар учун АҚШ визаларини олиш масалалари икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистоннинг АҚШ билан алоқалари ва Green Card лотереяси бўйича вазият юзасидан Вашингтондаги консул Аҳрор Бурҳонов билан суҳбатлашдик.

Сўнгги беш йилда Ўзбекистоннинг АҚШ ва Европа давлатлари билан иқтисодий ҳамда сиёсий алоқаларини кенгайтириш жараёни кузатилди. Ўзбекистон фуқароларининг Европанинг айрим давлатларида меҳнат қилиши, АҚШ фуқаролари учун эса Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз бўлиш тартибининг жорий этилиши икки томонлама алоқаларнинг ривожланиб бораётганини кўрсатувчи омиллардан ҳисобланади.

​19 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ва C5+1 форматидаги саммитда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашуви халқаро медиа эътиборини тортди. Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи қандай сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга? Хорижий инвесторларнинг мамлакатга қизиқишида сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий кафолатлар масалалари қандай ўрин тутади? Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШ визаларини олиш тартиби енгиллаштирилиши мумкинми? Platina.uz шу ва бошқа саволларга Ўзбекистоннинг Вашингтондаги бош консули Аҳрор Бурҳоновдан жавоб олди.

​Журналист: Ассалому алайкум, Аҳрор ака. Вақт ажратганингиз учун раҳмат. Мана, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга, хусусан, Самарқандга ташрифи, унинг C5+1 форматидаги саммитда иштирок этиши ва ундан кейин Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири ташқи ишлар вазирлари билан алоҳида учрашувлари жаҳон халқаро медиасида кенг муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг АҚШ билан яқинлашаётгани ва ўртада имзоланган 12 миллиард долларлик шартнома ҳақида гап кетмоқда. Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи Ўзбекистон ва минтақа учун аслида қанчалик муҳим?

​Аҳрор Бурҳонов: Ассалому алайкум. Таклиф қилганингиз учун катта раҳмат. Бу, ростдан ҳам, жуда тарихий ташриф бўлди. Бундай ташриф анчадан бери муҳим эди. Ўзбекистон дунёга очилганидан, халқаро ҳамкорлигини кенгайтириб, халқаро ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтираётганидан келиб чиқадиган бўлсак, бу, аслида, табиий жараён.

​Яъни, таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг алоқалари фақатгина битта минтақа билан эмас, дунёдаги барча минтақалар билан ривожланиб бормоқда. Қайси мамлакатни олмайлик, динамикамиз ижобий кўрсаткичда. Шу ўринда Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатлари, айниқса, АҚШ билан ҳам алоқалар ривожланиши керак эди.

​Алоқаларимиз динамикаси ижобий, лекин маълум бир минтақалар билан солиштирганда, айрим кўрсаткичларимиз, инвестицион ҳамкорлигимиз ёки савдо кўрсаткичларимиз бироз камроқ туюлиши мумкин.

​Шунинг учун ҳам ҳозиргидек ташрифлар, Марко Рубио бошчилигидаги делегациянинг келиши муҳим. Бу нафақат АҚШ ҳукумати делегацияси, балки Марко Рубио 300 та компания вакиллари билан биргаликда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу Американинг Ўзбекистонга билдираётган ишончини кўрсатади. Яъни, америкалик тадбиркорлар Ўзбекистонда ўз ишларини йўлга қўйишга тайёрлигини намоён этмоқда.

​Биз тадбиркор бўлмаган одамларни, тадбиркорлар синфига кирмайдиган вакилларни Ўзбекистонга ёки исталган мамлакатга олиб келишимиз, жалб қилишимиз мумкин. Лекин ҳеч қачон тадбиркорни, яъни бизнес билан шуғулланадиган, пулнинг қадрига етадиган, инвестиция билан шуғулланадиган инсонни имконият кўрмаса, ҳеч қайси мамлакатга ташриф буюришга кўндира олмайсиз. Фойда ёки манфаат кўрмаса, барибир келмайди.

​Албатта, улар учун ҳар бир дақиқа сармоя, пул, яъни йўқотилган имконият бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозирги кунда Ўзбекистонга бундай катта делегациянинг келиши, айниқса, тадбиркорларнинг кенг қизиқиши Ўзбекистонга бўлган ишонч ортиб бораётганини кўрсатади.

​Биз сўнгги йиллардаги динамикани кўришимиз мумкин. 2016 йилда Ўзбекистонда 4 мингта хорижий компания фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 20 мингга етди. Яъни, хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар сони беш карра ошди. Бундай ҳолат жаҳон иқтисодиётида ҳам деярли кузатилмайди. Бу жуда кучли натижа.

​Биз ушбу натижалар ҳақида ҳамкорларимизга, америкалик дўстларимизга ёки Ўзбекистондан унчалик хабардор бўлмаган тадбиркорлар ва расмий идоралар вакилларига маълумот берганимизда, улар жуда ижобий маънода ҳайратланишади. «Қандай қилиб Ўзбекистон бундай катта натижага эришяпти?» деб сўрашади.

​Журналист: Аҳрор ака, шу вақтгача америкалик, европалик ёки бошқа хорижий давлатлардан келган тадбиркорлар Ўзбекистонга инвестиция олиб кираётганда маълум шартлар қўйган. Улар орасида сўз эркинлиги ва ҳуқуқий эркинлик масалалари ҳам тилга олинади.

​Ҳозир сиз айтганингиздек, Марко Рубио билан бирга 300 га яқин америкалик тадбиркор келди. Бўндан келиб чиқиб, америкалик тадбиркорлар Ўзбекистон ҳукуматига ишонганини, Ўзбекистон ҳукумати ҳам уларнинг инвестицияларини муҳофаза қилиш ва ҳуқуқларини таъминлаш бўйича муайян кафолатлар берганини айта оламизми?

​Аҳрор Бурҳонов: Жуда ҳам яхши савол. Ишонч ортганми, дейсизми? Қисқа маънода, ҳа.

​Таҳлилчиларимиз кўп йиллар давомида инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва Ўзбекистондаги демократик ҳолат ҳақида гапириб келишади. Бу мавзулар Америка ёки Ғарб мамлакатлари кун тартибидан тушиб қолган эмас. Улар ҳали ҳам кун тартибида турибди.

​Лекин нима учун бу масалалар ҳозирги кунда Ўзбекистонда кўтарилмаяпти ёки уларга эътибор берилмаяптими, деган савол туғилиши мумкин.

​Масалан, сиз ҳозир менга тўғридан тўғри мурожаат қилдингиз: «Аҳрор ака, интервью беринг», дедингиз. Ҳеч қандай чекловсиз интервью беряпмиз, сиз билан гаплашяпмиз. Яъни, сўз эркинлиги нуқтаи назаридан Ўзбекистонда жуда катта ислоҳотлар бўлди.

​Ҳозир ҳар қандай давлат идораси вакилига мурожаат қилиб, ўзингизга керакли изоҳни олишингиз, исталган мавзуда интервью қилишингиз мумкин. Саволингизга жавоб олишингиз мумкин. Бу, биринчидан.

​Иккинчидан, демократик ислоҳотлар. Ўзбекистонда сўнгги ўн йил ичида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳар қандай соҳада демократик ислоҳотлар ўз натижасини бераётгани яққол намоён бўлмоқда.

​Шундай шароитда бу масалаларга ортиқча эътибор бериш ёки асосий эътиборни уларга қаратишга ҳожат қолмаяпти. Чунки Ўзбекистон ҳукумати ўзи бу масалаларга эътибор қаратмоқда. Ҳукуматнинг ўзи ҳар бир соҳада демократик ривожланиш тамойилларига устувор йўналиш сифатида катта эътибор бераётгани натижасида кун тартибида бу масалаларни кўтаришга эҳтиёж қолмаяпти.

​Шунинг учун ҳозирги кунда асосий имкониятларимиздан фойдаланишимиз керак бўлган масала — иқтисодий дипломатия. Яъни, иқтисодий йўналишдаги ҳамкорликни қанчалик ривожлантирсак, бу ҳам Ўзбекистон, ҳам хорижий ҳамкорлар учун манфаатли бўлади.

​Журналист: Аҳрор ака, турли халқаро медиа нашрлари, жумладан, туризмга йўналтирилган National Geographic, BBC ва бошқа халқаро нашрларда Ўзбекистонга халқаро туристларнинг қизиқиши ортиб бораётгани ҳақида ёзилмоқда.

​Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистон сўнгги вақтларда туризм иқтисодиётини ривожлантириш ва янги имкониятларни очиб бераётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

​Статистикага қарасак, АҚШ фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонда 30 кунлик визасиз режим жорий қилинган. Сизнингча, америкаликлар ва бошқа хорижликларни Ўзбекистоннинг қайси жиҳатлари ўзига жалб қилмоқда? Туризмми ёки уларнинг эътиборини тортадиган бошқа лойиҳалар ва омиллар ҳам борми?

​Аҳрор Бурҳонов: Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият орасида туристларни жалб қилиш имкониятлари жуда кенг.

​Биринчидан, бу бизнинг жуда бой тарихимиз. Иккинчидан, маданиятимиз. Учинчидан, ҳозирги кунда туризмнинг турли йўналишларида инфратузилманинг ривожланиши ва янги имкониятларнинг яратилиши.

​Яъни, ҳозир Ўзбекистонга нафақат тарих ёки маданият билан танишиш учун, балки спорт туризми доирасида ҳам келиш мумкин. Ёзги ёки қишки туризм, шунингдек, яшил туризм йўналишларида ҳам имкониятлар мавжуд. Умуман олганда, имкониятлар кўп.

​Энди бевосита Америка ҳақида гапирадиган бўлсак, америкалик фуқароларни хорижга саёҳатга чиқаришнинг ўзи ҳам алоҳида масала. Чунки Америка фуқароларининг 80 фоизи ҳеч қачон хорижга чиқиш паспортини ҳам олмаган. Демак, аҳолининг катта қисми хорижга чиқмаган.

​Хорижга чиқадиган 20 фоиз аҳолининг ичида ҳам Ўзбекистонни танлайдиганлар бор. Масалан, биз ҳозир Сиэтлда ўтирибмиз. Вақт фарқимиз 12 соат. Бу дунёнинг нариги чеккаси, яъни бир тарафда Америка, иккинчи тарафда Ўзбекистон.

​Лекин ҳозирги кунда Америкадан Ўзбекистонга турист юборадиган энг йирик компания Сиэтлда жойлашган. Ўтган йили ушбу компания Ўзбекистонга 3 мингта турист юборди ва йилдан йилга туризм кўрсаткичи камида 15–20 фоизга ошмоқда.

​Нима учун бу кўрсаткич ошмоқда, деган саволга биринчи навбатда инфратузилма имкониятларимиз кенгаяётганини айтиш мумкин. Ўтган йили виза режимининг бекор қилингани, ҳозирги кунда хорижий туристлар учун яратилаётган имкониятлар, контентларимизнинг инглиз тилида бўлиши ва Ўзбекистоннинг очиқлиги, турли соҳалардаги ислоҳотлар бунга хизмат қилмоқда.

​Ҳозирги кунда америкалик туристлар Ўзбекистонга боришдан хавотир олмаяпти. Улар учун тўсиқлар камайган.

​Албатта, қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Ҳозиргача катта натижаларга эришган бўлсак-да, бундан кейин ҳам кўп иш қилишимиз керак. Жумладан, меҳмонхона соҳасини ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, транспорт ва логистика масалаларини ҳал қилиш зарур.

​Лекин динамика жуда юқори. Шу ҳисобига туристлар сони бир неча карра ошиб бормоқда.

​Журналист: Аҳрор ака, юқорида америкаликлар учун виза режими бекор қилинганини айтдингиз. Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам виза олиш жараёнини енгиллаштириш чоралари кўриляптими?

​Аҳрор Бурҳонов: Албатта. Бу бизнинг доимий фаолиятимизга киради. Америка бўладими ёки бошқа мамлакатми, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари фуқароларимизнинг ўша мамлакатда бўлиш тартибларини, у мамлакатга кириш шартларини енгиллаштириш бўйича доимий равишда ишлашади.

​Вашингтон шаҳридаги элчихонамиз, Нью-Йоркдаги ваколатхонамиз ва бошқа дипломатик муассасаларимиз бу борада фаолият олиб боради. Яқинда Сиэтлда ҳам консуллик очилди. Бу бизнинг доимий кун тартибимиздаги мавзулардан бири.

​Асосан, Вашингтондаги элчихонамиз Давлат департаменти билан тўғридан тўғри ҳамкорлик қилади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам элчихона орқали Америка томони билан ҳамкорлик олиб боради. Ҳозирги кунда музокаралар кун тартибида бу мавзу ҳам бор.

​Шу билан бирга, статистикага яна мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистон фуқароларининг виза тартибларини бузиш кўрсаткичларини ҳам пасайтиришга ҳаракат қилишимиз керак.

​Шу ўринда фуқароларимиздан бир нарсани сўраб қолардик: кўп ҳолатларда одамлар билмасдан виза олгандан кейин қолиш муддатларини бузиб қўйишлари ёки белгиланган муддатдан ортиқ қолиб кетишлари мумкин.

​Масалан, кенг тарқалган ҳолатлардан бири — виза олинади, паспортга тегишли муҳр қўйилади ва визада муддатлар кўрсатилади. Лекин шу билан бирга, Америка ҳудудига кириб келганда, мамлакат ичида бўлиш муддати алоҳида белгиланади.

​Америкага кирганингиздан кейин ҳам қанча муддат қолишингиз мумкинлигини текшириш муҳим. Буни электрон тарзда текшириш мумкин. Фуқароларимиздан илтимос қилардикки, ушбу маълумотни текшириб қўйинг. Эртага мамлакатдан чиқиб кетаётганингизда қонун-қоидаларни бузмаган бўлсангиз, кейинги сафар виза олишингиз анча осонлашади.

​Шу билан бирга, фуқароларимиз виза олгандан кейин қолиш муддатларини қанчалик кам бузишса, Ўзбекистон фуқароларига виза бериш имкониятлари ҳам шунчалик кенгаяди.

​Аксинча, виза олгандан кейин белгиланган муддатдан ортиқ қолиш ёки кечикиб чиқиб кетиш ҳолатлари давом этса, ҳали бирор марта виза олмаган, лекин виза олиш учун ариза топширган фуқароларимизнинг ҳам виза олиш имкониятлари қийинлашади.

​Менимча, бошқа бир давлат чегараси орқали АҚШ ҳудудига ноқонуний киришга уринишни ҳам тавсия қилмаслигимиз керак.

​Сиз журналист сифатида бу масалани дипломатик тарзда айтдингиз. Яъни, асосан, Мексика орқали Америкага киришга уриниш ҳолатлари ҳақида гап кетмоқда. Америка раҳбариятининг маълумотларига қараганда, охирги 17 ой ичида бу чегара орқали бирорта ҳам одам ўтмаган. Бу чегарадан ўтган инсонлар яхши билади: бу жуда оғир жараён.

​Бундан ташқари, Америкага киргандан кейин ҳам полиция томонидан ушланган тақдирда депортация қилиниш эҳтимоли мавжуд.

​Барча ишлар қонун-қоидалар асосида амалга оширилса, эртага халқимизнинг кўнгли хотиржам бўлади. Меҳнатини ҳам қилади, туризмини ҳам ривожлантиради, икки мамлакат ўртасида бемалол бориб-келиш имконияти бўлади.

​Журналист: Аҳрор ака, АҚШ президенти Доналд Трамп сайлангандан кейин Green Card масаласи ҳам маълум маънода муаммога айланди. Дастлаб унинг учун бир миллион доллар, яъни 10 миллион доллар миқдорида тўлов белгиланиши ҳақида гаплар бўлди. Ундан кейин паспорт маълумотларини юклаш талаби пайдо бўлди. Бу жараёнларда муддатлар ҳам узайтирилди.

​Яқинда, адашмасам, суд ҳам Green Card лотереяси масаласини яна ўртага чиқарди ва Трампнинг қарорини бекор қилди. Ҳозир ҳам Green Card лотереяси бўйича расмий эълон берилмади, яъни унда қатнашиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ҳозирги вазият қандай? Бу борада маълумотингиз бўлса, айта оласизми?

​Аҳрор Бурҳонов: Ҳозирги кунда Green Card масаласи бўйича Америка ҳукумати томонидан расман эълон берилмади. Буни эълон қилишларини кутганимиз маъқул. Чунки расмий эълон берилганда қайси мамлакатлар фуқаролари бу имкониятдан фойдаланиши мумкинлиги ва қайси муддатларда ариза топшириш кераклиги ҳақида аниқ маълумот бўлади.

​Ҳозирги кунда, менимча, Америка ҳукуматининг расмий маълумотларини кутганимиз маъқул.

​Шу билан бирга, яна бир нарсани айтишимиз, фуқароларимизни огоҳлантиришимиз керак. Афсуски, шунга ўхшаш вазиятларда айрим ноинсоф одамлар пул ишлаш мақсадида ёлғон маълумотларни тарқатиши, ёрдам беришни ваъда қилиши ёки аризаларни расмийлаштириб беришини айтиши мумкин.

​Бир нарсани яна бир бор эслатамиз: ҳеч ким Green Card масаласида сизга ҳеч қандай кафолат бера олмайди. Виза олиш жараёнида ҳам ҳеч ким сизга бундай имкониятни кафолатлай олмайди.

​Шунинг учун фуқароларимиздан илтимос қилиб қоламиз: фирибгарларнинг ёлғон ваъдаларига учманг, ҳеч кимга пул берманг. Америка ҳукумати Green Card лотереясида қатнашиш учун воситачиларга пул тўлашни талаб қилмайди. Шу боис фақат расмий манбаларга ишонишингизни сўраб қоламиз.

​АҚШда Green Card лотереяси бўйича ҳали расмий эълон берилмаган бўлса-да, Ўзбекистондаги айрим ижтимоий тармоқларда лотереяда қатнашиш учун аризалар қабул қилиш бошланганига оид эълонлар тарқалмоқда.

​Бундай ҳолатларда фақат бирламчи, яъни расмий манбаларга мурожаат қилиш керак. Фирибгарларнинг ваъдаларига ишонмаслик лозим. Расмий маълумот эълон қилинмаган бўлса, демак, ҳеч ким бу масалани сиз учун ҳал қилиб бера олмайди. Расмий маълумот эълон қилингандан кейин ҳам фақат бирламчи манбаларга асосланиб ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ.

​Журналист: Раҳмат, Аҳрор ака, вақт ажратганингиз учун. Саволларимиз ниҳоясига етди. Сизга раҳмат, саломат бўлинг.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid