АҚШнинг машҳур телешоулари Ўзбекистонда суратга олинади
Лос-Анжелесда ўтказилган American Film Market (AFM) халқаро кино бозорида Ўзбекистоннинг медиа ва кино саноати учун бир қатор келишувларга эришилди. Улар орасида Американинг машҳур телелойиҳаларини Ўзбекистонда суратга олиш ҳамда маҳаллий кино ва телевизион маҳсулотларни АҚШ бозорига олиб чиқиш бор.

The Amazing Race 2027 йилда Ўзбекистонга келади
Бир неча йиллик музокаралар натижасида CBS телеканалининг машҳур The Amazing Race саёҳат ва саргузашт шоусининг оригинал Америка версиясини 2027 йилда Ўзбекистонда суратга олиш бўйича келишувга эришилди.
25 йилдан буён эфирга узатилаётган лойиҳа 39 мавсум давомида 15 та Emmy мукофотини қўлга киритган ва 108 марта ушбу мукофотга номзод бўлган.
Музокаралар доирасида Ўзбекистоннинг AFM кўргазмасидаги стендига шоу яратувчиси, 10 карра Emmy мукофоти соҳиби Бертрам ван Мюнстер ташриф буюрди. У кўплаб телевизион лойиҳалар муаллифи бўлиб, АҚШнинг собиқ президенти Рональд Рейганнинг шахсий оператори сифатида ҳам ишлаган.
Ўзбекистон стенди Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази томонидан Туризм қўмитаси кўмагида ҳамда Next Field International телекомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг бешта кино ва телемаҳсулоти АҚШ бозорига чиқарилади
American Film Market доирасида Американинг Cactus Tree Entertainment дистрибьюторлик компанияси билан ҳам келишувга эришилди. Унга кўра, 2027 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган энг яхши бешта кино ва телевизион маҳсулот АҚШ бозорига тақдим этилиши режалаштирилган.
Cactus Tree Entertainment FOX, Disney, Netflix каби йirik компаниялар ва платформалар учун контент савдоси билан шуғулланади.
Маҳаллий контент эгалари билан тўғридан-тўғри шартномалар 2027 йил 4–5 февраль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Tashkent Content Market халқаро медиа бозори доирасида тузилиши кўзда тутилган.
Discovery’нинг Expedition Unknown шоуси ҳам Ўзбекистонда суратга олинади
Кўргазма доирасида Discovery телеканалининг машҳур Expedition Unknown лойиҳасини Ўзбекистонда суратга олиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Тарихий сирлар, археологик топилмалар ва қадимий цивилизацияларга бағишланган ушбу дастурнинг Ўзбекистондаги суратга олиш ишлари 2027 йилга режалаштирилган.
Tashkent Content Market иштирокчилари сафи кенгаймоқда
American Film Market доирасида АҚШнинг йирик телекомпаниялари, медиа тармоқлари ва дистрибьюторларини Tashkent Content Market халқаро медиа бозорига жалб қилиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди. Шимолий Америкадан иштирок этувчи мамлакатлар қаторига Канада ҳам қўшилмоқда.
Tashkent Content Market илк бор 2027 йилнинг 4–5 февраль кунлари Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» мажмуасида бўлиб ўтади. Тадбирда кино, телевидение, анимация, рақамли медиа ва контент дистрибьюцияси билан шуғулланувчи маҳаллий ҳамда хорижий компаниялар иштирок этади.
Халқаро медиа бозорида контент олди-сотдиси, қўшма лойиҳалар, ҳамкорлик шартномалари ва B2B учрашувлар ташкил этилади.
Тадбирда иштирок этиш ва рўйхатдан ўтиш: www.tcm.uz





