Экология вазирлиги раҳбариятини танийсизми?
Номи ва раҳбари бир неча марталаб ўзгарган, экологияни ҳимоя қилиши керак бўлган тузилмани кимлар бошқараётганини биласизми?
1992-2022-йилларда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экологик хавфсизлик соҳасида давлат бошқарувини юритувчи орган сифатида фаолият кўрсатган. Кейинчалик, қўмита негизида вазирлик ташкил этилган. 2022-2023-йилларда Табиат ресурслари вазирлиги номи билан юритилган. 2023-йил 1-июнда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги этиб қайта номланган.
Вазир Азиз Aбдукахарович Aбдухакимов 1974 йил 17 июнда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини битирган. Маълумоти бўйича иқтисодчи. Магистр даражасини Япониянинг Ҳитосибаши университетида олган.
Меҳнат фаолияти
- 1993-1996-йй. Ипак йўли банкида турли лавозимларда;
- 1996-2004-йй. Марказий банк бош мутахассиси, Берлинер Банк AГ Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари, Ўзсаноатқурилишбанк бошқарма бошлиғи;
- 2004-2008-йй. Вазирлар Маҳкамаси молия, иқтисод, ташқи иқтисодий алоқалар департаменти бўлим мудири;
- 2008-2012-йй. Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси;
- 2012-2014-йй. Монополияга қарши кураш давлат қўмитаси раиси;
- 2014-2017-йй. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири;
- 2017-2018-йй. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси;
- 2018-2021-йй. Бош вазир ўринбосари – таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа масалалари мажмуаси раҳбари;
- 2020-2021-йй. Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси;
- 2021-2022-йй. Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири;
- 2022-2022-йй. Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири;
- 2023-2023-йй. Табиат ресурслари вазири;
- 2023 йилдан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири.
Қизиқ маълумот
Aзиз Aбдуқаҳҳорович Aбдухакимов 2008 йилдан буён ҳукуматдаги юқори лавозимларни эгаллаб келмоқда. Карантин даврларида шаҳарда велосипедда юришни тарғиб қилган вазирлардан бири ҳисобланади. Фаолияти давомида бир вақтнинг ўзида бир неча лавозимни эгаллаган даврлари ҳам бўлган ва бу журналистлар орасида кўплаб эътирозларни келтириб чиқарган.
Биринчи ўринбосар Қудратов Обиджон Нематович – 1983 йили 14 февралда Бухоро вилоятида туғилган. 2004 й. Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясини таъмомлаган. Мутахассислиги – иқтисодчи.
Ўринбосар Казбеков Жусипбек Сдикбекович – 1973 йили 15 апрелда Қорақалпоғистон Нукус шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (кундузги), 2001 йилда Колорадо штати университети (магистратура, АҚШ), 2004 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институти аспирантурасини битирган. Маълумоти – олий, мутахассислиги – муҳандис-гидротехник.
Маслаҳатчи Кушербаев Расул Хидралиевич – 1987 йил 12 январда Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати.
Қизиқ маълумот
Кушербаев депутатлик йилларидан ўзининг халқпарвар чиқишлари ва шахсий позицияси билан танилиб улгурган. У билдирган фикрлар жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.
Депутатлик фаолиятини якунлаганининг сабабини шундай изоҳлайди: “Йирик ҳужжатни ўқишга ҳам етарлича вақт берилмади. Биринчи ўқишда сўзга чиқишни сўраганимда Спикер ўринбосари Улуғбек Иноятов менга очиқчасига сўз бермади. Кейин мажлисни тарк этдим ва қайтмадим”.
“Депутатларнинг оғзини ёпадиган “депутатлар” бўлгандан кўра, улар бўлмагани маъқул”, дея қўшимча қилди у.
Расул Кушербоев мунтазам равишда журналистлар ва блогерларни ҳимоя қилиш, ҳокимлар сайловида, монополияга қарши чиқишлар, ҳукумат ва ҳокимлар қарорлари ва бошқа муҳим масалалар юзасидан фикр билдиради.
Ахборот хизмати раҳбари Раҳманбаева Лола Самигжановна 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.
Мафтуна Ёдгорова тайёрлади.
Камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Олий таълим вазирлиги раҳбариятини танийсизми?