Ҳукуматга дарахт кесиш бўйича ҳужжат имзолаш тақиқланди
Дарахт билан қопланган аҳоли ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга энди жамоатчилик томонидан ҳам тақиқ қўйиш имкони яратилади.

Президентнинг бугунги фармони билан дарахт ва буталарни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи ҳукумат қарор, фармойиш, баённома ва ёзма топшириқлари, идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини қабул қилиши қатъий тақиқланади.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади. Бунда маҳалла аҳолисининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми тақиқ қўйишга розилик билдирса бўлди.
Soliq мобил иловаси орқали жисмоний шахсларга харид суммасининг ва республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга оширганлик учун харажатларнинг республика бюджетидан қайтариладиган қисмини ихтиёрий равишда дарахт кўчатларини экишга йўналтиришлари мумкин.
Давлат раҳбарининг бугунги фармони билан Экология вазирлиги ҳукумат таркибидан чиқарилиб, президент бўйсинувидаги қўмитага айлантирилди. Ушбу қўмитага Азиз Абдуҳакимов раис этиб тайинланди.