Ҳокимият ва экологлар ўртасидаги низо
Вазир маслаҳатчиси Расул Кушербаев ўзига бўлаётган босимлар ва дарахткушликка прокурорлар томошабиндек жим қараб тургани ҳақида гапирди.

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаев видеомурожаат билан чиқиб, ўзига нисбатан босимлар бўлаётгани, Тошкентда дарахтлар аёвсиз кесилаётгани, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа жойида жим қараб турганини билдирган.
Нима бўляпти ўзи?
25 октябр куни кечаси Тошкентнинг Бобур кўчасида 174 та кесилган дарахт ва бута кесиб ташланган эди. Вазирликка кўра, табиатга етказилган зарар 1 млрд 460 млн 952 минг сўм. Шаҳар ҳокимлиги масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини айтган, иш прокуратурага топширилган.
Расул Кушербаевнинг айтишича, пойтахт ҳокимлиги вакиллари экологларнинг ишига тўсқинлик қилишга уринган ва уларга босим ўтказган. Жамоатчилик норозилигидан сўнг, шаҳар маъмурияти йўл қўйилган "бепарволик"ни тан олган.
Унинг айтишича, дарахтларни бошқа дарахтлар билан алмаштириш мақсадида кесиш шаҳар ҳокимининг қурилиш, тўсиқсиз муҳитни яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов топшириғига биноан амалга оширилган.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракатлар президент қарорлари билан ўрнатилган дарахт кесишга мораторийнинг бузилиши бўлиб, туман экология инспекторларига қонунбузарликни тезкорлик билан ўрганиб, расмийлаштира олмаслик учун босим ўтказилган ва Экология вазирлиги томонидан назоратга олинган.
Яккасарой тумани ҳокимлиги 25 октябр, шанба куни тушдан кейин дарахтлар кесилган жойнинг фотосуратларини эълон қилган, уларда туваклардаги янги дарахтларни кўриш мумкин.
Босимлар
Экология вазири маслаҳатчиси, Қонунчилик палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев 26 октябр кунги видеомурожаатида жамоатчиликни Ўзбекистон раҳбариятига ҳақиқатни етказишда ёрдам беришга чақирган. Унинг мурожаати кўплаб Telegram каналлари ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.
"Бугун мен нима дейишимни бутун Ўзбекистон халқи билиши керак, деб ҳисоблайман. Ва, энг муҳими, президентимиз буни билиши керак. Чунки буларнинг барчаси яширилади, лекин абадий яширишнинг иложи йўқ", деган Кушербаев.
Унинг сўзларига кўра, дарахтлар Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг кўрсатмаси билан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан кесилган.
Собиқ депутатнинг маълум қилишича, туман экология бўлими ходимлари аҳоли мурожаатларини текшириш учун воқеа жойига борган, бироқ уларга босим ўтказилиб, воқеа жойига яқинлаштирилмаган. Кейинроқ Экология вазирлиги ҳузуридаги Республика инспекцияси воқеа жойига чиқиб, вазиятни ўрганган ва ҳисобот тайёрлашга киришган.
"Инспекторларимиз воқеа жойига етиб борганида Раҳмоновнинг ўзи Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов билан бирга келди. Улар экологлар уруш бошлаганини айтишди. Кейин инспекциямиз ходими Нурбекнинг ёқасидан ушлаб, ички ишлар органларига топширишди ва телефонини олиб қўйишди. Бу босимнинг бир кўриниши. Ва буларнинг барчасини Тошкент ҳокимлиги туман ходимига эмас, балки республика органи ходимига нисбатан қилмоқда", деган Кушербаев.
Мазкур босимлар ҳақида Экология вазирлиги ҳам, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам, прокуратура ва ички ишлар ҳам ҳозирча бирор изоҳ бергани йўқ.
"Энг ҳайратланарлиси — прокуратура ва ички ишлар идоралари ёнма-ён туриб, шунчаки томоша қилишди. Бош прокуратурадан тортиб туман даражасигача — ҳамма жим кузатиб турди. Бош прокуратура кўплаб ишларда кузатувчи бўлган. Оддий ва камбағал фуқаролар экологик қонунбузарликлар учун жазоланади. Тартиббузар ҳоким ўринбосарларининг хатти-ҳаракатларига эса кўз юмилмоқда. Қувасойда ҳам шундай бўлган (у ерда ҳоким ўринбосари топшириғи билан 270 туп кўп йиллик дарахт ноқонуний кўчириб ўтказилганди)".
Яккасарой туманидаги дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий баёнот берган.
"Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ҳолат учун масъулиятни ва жавобгарликни тўлиқ зиммасига олган ҳолда, шаҳримиз аҳолисидан етказилган зарар учун узр сўрайди. Келгусида бу ҳолатлар такрорланмаслиги учун тизимли иш олиб боради", деган матбуот котиби.
Унга кўра, бу воқеа Бахтиёр Раҳмоновни чуқур қайғуга солган, аммо унинг бу ишга алоқадорлигини рад этган. Кушербаев эса ойни этак билан ёпишга уриниш бўлаётганини билдирган.
Ўғирлаб кетилган амалдор
Кушербаевнинг таъкидлашича, аввалроқ Экология вазирининг биринчи ўринбосари кўмир эмиссиясига қарши курашиш ва корхоналарда рейдлар ўтказишга уринаётганда ўзини Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимлари деб таништирган шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.
"Уни якшанба куни ўғлининг мактабига борганида олиб кетишди. Уни мажбуран машинага ўтқазиб, экологик рейдларни тўхтатишни талаб қилиб ушлаб туришган. Бу хизматчи вазирлардан бирининг укаси экан. Бу ҳақда президентга ёзганмиз, лекин ҳеч қандай чора кўрилмаган", деган Кушербаев.
Расул Кушербаев ўз хавфсизлигидан хавотир билдирган: "Шундай шароитда ишлаш мумкинми?.. Мени нима кутаётганини билмайман… Ҳақиқий вазият шундай. Балки бизни айбдор қилишар, сохта гувоҳлар топишар, қамоққа тиқишга уринишар. Агар бир неча кундан кейин ғойиб бўлсам ёки бошқа чиқиш қилолмасам, бу нима билан боғлиқлигини билинг".