platina.uz

Президент қурилишдаги коррупция ва ўғирликларни гапирди

Ҳоким ва прокурорларнинг вазиятга эътиборсизлиги қаттиқ танқид қилинди. 

Жамият
29 январь, 11:40
Президент қурилишдаги коррупция ва ўғирликларни гапирди

Президент давом этаётган йиғилишда қурилиш соҳасидаги коррупция ва ўғирликлар ҳақида гапирди. Шунингдек, давлат раҳбари комплексга кирувчи вазирлик ва идоралар олдида турган уй-жой ва қурилиш соҳасидаги энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Бу йил инвестиция дастури доирасида 1 минг 637 та инфратузилма объектини қуриш белгиланган.

Лекин соҳа ёки ҳудуд раҳбарлари бюджет маблағларини самарали ишлатиш, қурилишлар сифатини таъминлаш бўйича намуна бўладиган тизим яратмагани қайд этилди.

Қурилишларга ажратилган бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш, талон-тарож ва ўғрилик ҳолатлари кўрсатиб ўтилди.

Айрим қурувчи тадбиркорларнинг яширин ишлашига ёки бундай ишлашга мажбур қиладиган шарт-шароитлар борлиги таъкидланди.

Масалан, бугунги кунда лойиҳа ташкилотлари объект қийматини имкон қадар “шиширишга” ҳаракат қилаётгани қайд этилди. Сабаби, лойиҳа қанча қиммат бўлса, лойиҳачи шунча кўп пул олади.

Шу боис, аксарият лойиҳаларда кераксиз хизматлар, ортиқча ҳашамат қўшиб киритилмоқда.

Масалан, 2023 йилда лойиҳаларда 3 триллион сўмлик бундай кераксиз харажатлар олди олинди.

Аксинча, иқтисод қилишга келганда, қурувчиларнинг иш ҳақи ва асосий қурилиш материаллари нархи бозордан паст нархларда ҳисобланмоқда.

Буларнинг ҳаммаси қурувчи-пудратчиларни “обнал” ва “ўғирлик” қилишига, сифатсиз қурилиш материалларини ишлатишига шароит яратаётгани, "яширин" қурилиш материаллари бозори вужудга келгани қайд этилди.

Ҳоким ва прокурорлар вазиятга эътиборсизлиги қаттиқ танқид қилиниб, уларнинг бу борадаги қатъий жавобгарлиги белгиланди.

Амалдаги лойиҳалаш жараёнлари ва қурилиш ишлари “ресурс усули”га асосланган.

“Ресурс” усулида 1 та мактаб қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилган.

“Ҳажм усули”да эса пудратчидан якуний натижа сўралади. Муҳими, қурувчи объектни ўз вақтида ва сифатли топширса бўлди.

Бундан ташқари, лойиҳа, тендер, қурилиш ва объектни қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда коррупция ҳолатлари учраб турибди.

Эндиликда лойиҳа қилишдан бошлаб, объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар ҳам, уларнинг назорати ҳам янгича ташкил этилади.

Энг аввало, келгуси йил 1 январдан барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилишда “ресурс усули”дан воз кечилиб, “ҳажм усули”га ўтилади.

Бу тартиб 1 июлдан йўл, ичимлик суви ва кўприк қурилиши лойиҳаларида жорий қилиниши белгиланди.

Қурилишни коррупциядан холи соҳага айлантириш мақсадида 1 июлдан:

- қурилишда тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилади;

- пудратчи ташкилотлар бажарган қурилиш ишлари фақат солиқ органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилади;

- объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб, далолатномалар “Шаффоф қурилиш” орқали тасдиқланади;

- 10 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни фақат ва фақат “Шаффоф қурилиш” тизими орқали танлаш тартиби йўлга қўйилади. Ушбу тартиб халқаро молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади;

- ишлаб чиқарувчи ҳам, қурувчи ҳам, назорат қилувчи ҳам қаерда қайси қурилиш материали қанча пул туришини онлайн кузатиб борадиган тизим бўлади.

Эслатиб ўтамиз, шунингдек бу йиғилишда янги тайинловлар амалга оширилди, транспорт вазири огоҳлантирилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+