Бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган қурилишларда биринчи навбатда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талаби қўйилади
Жиззах, Навоий ва Хоразмда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бир квадрат метри таннархи 3,5 миллион сўмдан кам, Бухоро ва Сурхондарёда эса 5 миллион сўмдан юқори. Айрим ҳудудларда маъмурий бинолар қурилиши қиймати ҳам бир-биридан 1,5-2 баробар фарқ қилмоқда.

Қурилиш таннархини пасайтириш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди.
Таҳлилларга кўра, Жиззах, Навоий ва Хоразмда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бир квадрат метри таннархи 3,5 миллион сўмдан кам, Бухоро ва Сурхондарёда эса 5 миллион сўмдан юқори. Айрим ҳудудларда маъмурий бинолар қурилиши қиймати ҳам бир-биридан 1,5-2 баробар фарқ қилмоқда.
Бундай тафовутларга ортиқча воситачилар, лойиҳа ва сметаларнинг қурилиш давомида қайта-қайта ўзгартирилиши сабаб бўлаётгани таъкидланди.
Келаси йилдан бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган қурилишларда биринчи навбатда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талаби жорий этилади. Давлат харидлари порталида маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари учун алоҳида савдо майдончаси ташкил қилиниб, уларга йилига 15-20 триллион сўмлик бозор очилади.
Ушбу тартибни стратегик корхоналар ва давлат кафолати остидаги лойиҳаларга ҳам татбиқ этиш вазифаси қўйилди. Қурилиш таннархи, маҳаллий маҳсулотлар улуши ва энергия самарадорлиги юзасидан қатъий назорат ўрнатилади.
Президентимиз туризм соҳасида тадбиркорликни рағбатлантириш учун кенг кўламли имтиёзлар белгиланганини эслатди.
Жумладан, меҳмонхоналар қурилиши учун миллий валютада 16 фоизли молиявий ресурслар ажратилди, ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар 2030 йилгача узайтирилди. Юлдузли меҳмонхоналарга субсидиялар бериш муддати яна икки йилга чўзилди.
Хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туроператорлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилди. Туристик транспорт воситаларини импорт қилишда божхона имтиёзлари бир йилга узайтирилиб, утилизация йиғими бекор қилинди.
Яқин вақтда туризмни ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш режалаштирилган. Унда хорижлик сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга етказиш, туризмнинг иқтисодиётдаги улушини ҳозирги 3,5 фоиздан 7 фоизга ошириш ва соҳа экспортини 10 миллиард долларга олиб чиқиш мақсад қилинмоқда.
Президентимиз янги қурилиш материаллари ва инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш масаласига ҳам тўхталди.
Учрашув олдидан намойиш этилган кўргазмада маҳаллий корхоналар ишлаб чиқараётган инновацион маҳсулотлар тақдимоти қилинди. Жумладан, бетон гилам деб аталувчи гидроизоляция материали каналларни анъанавий бетонлашга нисбатан икки баробар тез ва 30 фоиз арзон қуриш имконини беради.
– Биздаги 31 та лойиҳа институти дунёқарашини ўзгартириши, замонга мослашиши керак, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари тадбирда қатнашаётган инвесторлар ушбу институтларни бошқарувга олиб, замонавий технология ва илғор ечимлар олиб кираман деса, таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.





