Жорий йил қурилиш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 65 триллион сўмга етади
Мамлакатимизда ҳар йили 50–55 миллиард доллар инвестиция жалб этилаётгани қурилиш маҳсулотлари учун катта ички бозорни шакллантирмоқда. Қўшни ва яқин минтақаларда ҳам бу маҳсулотларга йиллик талаб 50 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвестор ҳамда тадбиркорлар билан учрашув ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бир йил аввал Кумушконда Бўстонлиқ ва Зоминдаги туристик зоналардан қолишмайдиган йирик мажмуа барпо этиш вазифаси қўйилганини эслади. "Аввало, ўзимизникиларга имконият берайлик, улар нималарга қодирлигини кўрсин" деган ёндашув асосида маҳаллий лойиҳачилар ва қурувчилар 47 гектар майдонда "Олтин бел" мажмуасини бунёд этди.
Мажмуада тўртта меҳмонхона, иккита ресторан, 51 та шале, аквапарк, амфитеатр ва кўнгилочар иншоотлар ташкил қилинган. Бир вақтнинг ўзида 6 минг нафарга хизмат кўрсатиш ва 600 та иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.
Халқаро туризм академияси томонидан бу ерда ташкил этилган курсларда 300 нафар мутахассис тайёрланди. Қурилиш ва жиҳозлашда маҳсулотларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналардан олингани лойиҳа таннархини 20 фоизга арзонлаштирди.
Ушбу тажриба асосида Нанай, Хонобод, Чимёнсой, Музбулоқ, Ургут, Элликқалъа ва бошқа ҳудудларда ҳам туризм масканлари барпо этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Президентимиз қурилиш индустрияси ва туризм бир-бирини тўлдирадиган, ўзаро янги имкониятлар очадиган соҳаларга айланиши зарурлигини таъкидлади.
Президентимиз қурилиш материаллари саноатида эришилган натижалар ва янги экспорт имкониятларига тўхталди.
Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингдан зиёд замонавий корхона ишга туширилди. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 7 триллион сўмдан 65 триллион сўмга, экспорт эса 75 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар йили 50–55 миллиард доллар инвестиция жалб этилаётгани қурилиш маҳсулотлари учун катта ички бозорни шакллантирмоқда. Қўшни ва яқин минтақаларда ҳам бу маҳсулотларга йиллик талаб 50 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, маҳаллий девелоперларни хорижий тендерларга олиб чиқиш ва арзон ҳамда узлуксиз логистика занжирларини яратиш ҳисобига экспортни яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.
– Лекин ҳозирги тез ўзгарувчан бозор шароитида тадбиркорлар билан йилда бир эмас, керак бўлса, ҳар ойда мулоқот қилиш зарур, – деди Президентимиз.
Бу борада вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига аниқ талаб қўйилди.





