Навоийда зўравонлик билан одамлардан пул ундирган тўда қўлга олинди
Вилоятда ҳам "тозалаш" ишлари бошланди.
Навоий вилоятида “Мехрик” лақаби билан танилган, 1991 йилда туғилган, Аллаёров М. М., 1995 йилда туғилган Тураев У. Ш. ва уларнинг 8 нафар жиноий шериклари қўлга олинди.
Улар атрофига спортчи ва жисмонан бақувват йигитларни тўплаб, зўравонлик, безорилик, фирибгарлик ва пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган.
Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ маълумот берди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан содир этган хатти-ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган ҳамда қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
“Долзарб қирқ кунлик” тезкор-профилактик тадбирлари давом этади.
Аввалроқ Тошкентда "Салимбой" номи билан танилган Салим Абдувалиев, “Сайидазиз медгородок”, “Бахти Ташкентский” ва унинг Фарғонадаги шериги, Тошкентда яна 10 киши ва зўравонликда айбланиб Б.Б.А. (1985 й.т.) қўлга олинган эди. Шунингдек, "тозалаш" ишлари Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилояти, Андижон ва Наманганда ва Бухоро,Жиззах вилоятларида ҳам бошлаб юборилган.