Болалар овқат ё доридан заҳарланмаган — вазир ўринбосари
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова бугун Наманганда матбуот анжумани ўтказди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова бугун Наманганда матбуот анжумани ўтказиб, болаларнинг заҳарланишига овқат ёки дори сабаб бўлмаганини айтган.
"Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ҳамма хабарларга ишонавермаслик, бундай ҳолатларда фақатгина мутахассисларни фикрига таяниб ахборот тарқатилиши керак", деган у.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида бўлиб ўтган матбуот анжуманида яна Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Нуритдинов ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган.
Анжуманда вазир ўринбосари болаларда кузатилган ҳолат, дастлабки текширув хулосаларига кўра, дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмаслигини, ҳозирда 20 га яқин анализ хулосалари олингани ва чуқурлаштирилган текширувлар натижаси хулосалари ҳолатга аниқлик киритишини айтган.
"Ҳозирда саломатлигидан шикоят қилиб келаётган болаларнинг 85 фоизи ҳолати яхши, уйларига қайтишга бирин-кетин рухсат берилмоқда, қолганлари кун бошида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳам аҳволлари яхшиланиб бормоқда", деган Элмира Боситхонова.
Аввалроқ Чуст туманида оммавий заҳарланиш кузатилган, кейинроқ бу ҳолат Андижонда ҳам содир бўлган. Вазият эса президент томонидан назоратга олинган.