Фарғонада юздан ошиқ боланинг заҳарланиши бўйича айбдорлар қамоққа қайтарилди
21 сентябрь куни Фурқат туман суди уларни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилиб, суд залидан озод этган эди.

Фарғонада 105 нафар бола заҳарланган боғча иши бўйича айбдорлар қамоққа қайтарилди.
Давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлган "Garden Catering Trade" МЧЖ мансабдорларига нисбатан суд ҳукми ўзгартирилди.
Фарғона вилояти суди кассация инстанцияси МЧЖ раҳбарини 4 йилга, технологини эса 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Ҳар икки шахс суд залида қамоққа олинди.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Фурқат туман суди уларни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилиб, суд залидан озод этган эди.
Суд ҳукмида келтирилишича, “Garden catering trade” МЧЖ мансабдорлари кунлик тузилган таомномаларда бола сонини асоссиз сунъий кўпайтириб кўрсатиб, бу ҳақида сохта ҳисоботлар шакллантирган ҳолда тўловга тақдим этиш орқали 330,8 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. МЧЖ томонидан 35 млн сўмлик электр энергияси ҳам яширин равишда талон-торож қилиниб, Қувасой шаҳар электр таъминоти корхонаси манфаатларига 105,8 млн сўм зарар етказилган.





