Хоразмда она ва уч фарзанд овқатдан заҳарланиб вафот этди
Улар бир кун аввалги туғилган кун тадбиридан қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган, шундан сўнг заҳарланиш аломатлари кузатилган.

Хоразм вилояти Боғот туманида овқатдан заҳарланиш оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси — она ва унинг уч нафар вояга етмаган фарзанди вафот этди.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, оила аъзолари 8 октябрь куни аввалги кунги туғилган кун тадбиридан қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган, шундан сўнг уларда заҳарланиш аломатлари кузатилган.
Фуқароларнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Текширувга вилоят ФВБ, ССБ ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари жалб этилган.
Ҳолат юзасидан 10 октябрь куни Жиноят кодексининг 276−11-моддаси 4-қисми «а» банди (Истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





