Шавкат Мирзиёев профессор Абдулла Убайдуллаев вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди
Убайдуллаев 70 йиллик фаолиятида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ассистенти, доценти, факультет декани, Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-тадқиқот институти директори сифатида ишлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқалар профессор Абдулла Убайдуллаев вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди.
Тиббиёт соҳасидаги атоқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдулла Муҳаррамович Убайдуллаев шу йил 9 декабр куни 91 ёшида вафот этди.
А.Убайдуллаев 1934 йил 20 мартда Тошкент шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат тиббиёт институтида (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт университети) таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳридаги 1-клиник шифохонада фельдшер вазифасида бошлади. Кейинчалик Тошкент ва Москва шаҳарларида аспирантура ҳамда докторантурада ўқиб, номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 2000 йилда эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Абдулла Убайдуллаев қарийб 70 йиллик меҳнат фаолияти давомида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ассистенти, доценти, факультет декани, Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-тадқиқот институти директори, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази профессори каби масъул лавозимларда фидокорона хизмат қилиб, ўзининг юксак илмий-педагогик ва раҳбарлик салоҳиятини намоён этди.
Айниқса, фтизиатрия ва пульмонология-эпидемиология соҳасида жонбозлик кўрсатиб, сил ва нафас олиш йўлларининг ноанъанавий касалликларини профилактика қилиш ва даволаш бўйича долзарб мавзуларда илмий тадқиқотларни амалга оширди, кўплаб монография, дарслик, ўқув қўлланмалар ёзиб, пульмонология ва аллергология йўналишлари бўйича Ўзбекистонда янги мактаб яратди.
А.Убайдуллаев турли даврларда Ўрта Осиё пульмонологлари ассоциацияси президенти, “Марказий Осиё пульмонологлари хабарномаси” илмий журнали бош муҳаррири, Европа респираторлар жамияти, Сил ва нафас йўллари касалликлари халқаро иттифоқи аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб, мамлакатимизда ва халқаро илмий жамоатчилик ўртасида юксак эътирофга сазовор бўлди.
Жонкуяр олим кўплаб ёшларга устозлик қилди, унинг раҳбарлигида ўнлаб номзодлик ва докторлик ишлари ҳимоя қилинди.
Академик А.Убайдуллаевнинг мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони, “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.