2027 йилдан темир йўл соҳасида янги тариф сиёсатини татбиқ этиш бошланади
Юк вагонларини импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан озод этилади. Темир йўл линиясидан фойдаланиш тўловига 20 фоизгача чегирма берилади. Халқаро юк ташиш учун маҳаллий вагонларни тақдим этишда қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси қўлланилади.

Юк вагонларига бўлган талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Шу боис, вагонлар паркини ҳар йили 5-6 мингтага кўпайтириш зарур.
Бунинг учун тадбиркорларга қатор енгилликлар яратилади.
Хусусан, юк вагонларини импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан озод этилади. Темир йўл линиясидан фойдаланиш тўловига 20 фоизгача чегирма берилади. Халқаро юк ташиш учун маҳаллий вагонларни тақдим этишда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланилади.
Президентимиз Жаҳон банки билан биргаликда темир йўл соҳасида янги тариф сиёсати ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Мутасаддиларга 2027 йилдан ушбу сиёсатни босқичма-босқич татбиқ этишни бошлаш топширилди. Келгуси йилдан ҳар бир йўналиш бўйича темир йўл линиясидан фойдаланиш, локомотив ва вагон учун тўловлар алоҳида кўрсатиладиган тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди.
Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йирик қуруқлик портига айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Айни пайтда Ўрта йўлак имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Мутасаддиларга Озарбайжон, Туркманистон ва Грузия билан электрон юк ҳужжатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувларни якунлаш топширилди.
Мамлакатимиздан Каспий, Қора денгиз, Шарқий Хитой денгизи ва Болтиқбўйи давлатлари портларигача блок-поездлар қатновини йўлга қўйиб, бу ҳақида тадбиркорларга маълум қилиш вазифаси қўйилди.
Кейинги ўн йилда мамлакатимизнинг логистика қувватларини 80 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Эндиликда Хонобод шаҳри, Олот, Термиз, Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.
Президентимиз замонавий логистика марказлари ер ва мол-мулк солиқларидан озод қилинганини эслатди.
Мутасаддилар ва ҳокимларга бундан унумли фойдаланиб, инвесторлар билан ҳамкорликда умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 9 та йирик логистика марказини барпо этиш топширилди.





