Турк фармацевтика компаниялари учун алоҳида саноат зонаси ташкил этилади
2002 йилдан буён мамлакатимизда фаолият юритаётган "Nobel Pharmsanoat" компанияси тажрибаси соҳадаги ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида кўрсатилди.

Мамлакатимизда тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг учун Тошкент фармацевтика паркида инвесторларга кенг қамровли имтиёз ва преференциялар, зарур инфратузилма ҳамда ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилмоқда.
Президентимиз турк фармацевтика компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
2002 йилдан буён мамлакатимизда фаолият юритаётган "Nobel Pharmsanoat" компанияси тажрибаси соҳадаги ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида кўрсатилди.
Туркиянинг бошқа етакчи фармацевтика компаниялари ҳам ушбу йўналишда фаол ҳамкорликка таклиф қилинди.
Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик дастурлари Туркия инвесторлари учун янги имкониятлар очмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, 2026–2027 йилларда умумий қиймати 8,4 миллиард долларлик давлат активлари, кўчмас мулк объектлари ва ер майдонларини савдога чиқариш режалаштирилган.
Турк компаниялари билан Самарқанд автомобил заводини хусусийлаштириш, Самарқанд вилояти электр тармоқларини модернизация қилиш ва Бухорода янги халқаро аэропорт қуриш каби йирик ташаббуслар бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Туркия банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларини ушбу жараёнларда янада фаол иштирок этишга чорлади.





