platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Иқтисод

Президент Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича йиғилишида иштирок этмоқда

Туркия компаниялари мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқаришда ўзбекистонлик корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга таклиф этилди. 

Президент Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича йиғилишида иштирок этмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этмоқда.

​Йиғилишда Туркия Республикаси Вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги нуфузли делегация қатнашмоқда.

​Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан эришилган келишув асосида ташкил этилган ушбу янги механизм икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигига қўшимча суръат бағишлашга қаратилганини таъкидлади.

​Шу куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон – Туркия бизнес форуми 200 дан зиёд ишбилармонни бирлаштирди. Давлатимиз раҳбари буни икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро шерикликни кенгайтиришга бўлган катта қизиқиши ифодаси сифатида баҳолади.

​Президентимиз Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгаш йиғилишида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижалари ва келгуси мақсадларга тўхталди.

​2017 йилдан буён мамлакатимиз иқтисодиёти уч баробар ўсди, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди.

​2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноат ишлаб чиқаришини икки баробар ошириш, ушбу тармоқда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳамда юқори технологик маҳсулотлар улушини учдан бир қисмга етказиш мақсад қилинган.

​Бу вазифаларни амалга оширишда кенг қамровли стратегик шерик – Туркия билан амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

​Ўзбекистонда 2030 йилга қадар олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Шу даврда қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 гигаваттга, уларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

​Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида барпо этиладиган атом электр станциялари эҳтиёжларига ҳам йўналтирилади.

​Шу маънода, давлатимиз раҳбари турк компанияларини тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва «яшил» энергетикада янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.

​Ўзбекистон – Туркия иқтисодий ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири электротехника саноатидаги кооперацияни кенгайтиришдир.

​2030 йилга қадар мамлакатимизда ушбу тармоқ экспортини 5 миллиард долларга етказиш ва 11,6 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.

​Туркия компаниялари мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқаришда ўзбекистонлик корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга таклиф этилди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid