Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўллари раҳбарлари Ҳайратонда учрашди
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, жорий йилда ўзаро юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошгани алоҳида таъкидланди.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва Афғонистон темир йўллари раҳбарлари Ҳайратонда учрашди.
2026 йил 18 ноябрь куни Ҳайратон шаҳрида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Бошқарув раиси З.Г. Нарзуллаев ҳамда Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари Мавлавий Абдул Карим Фатеҳ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, жорий йилда ўзаро юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошгани алоҳида таъкидланди.

Музокаралар якунида бир қатор муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Наибобод станциясини ривожлантириш ишларини белгиланган муддатларда амалга ошириш, Ҳайратондан Мозори Шарифгача юкларни темир йўл орқали ташишни йўлга қўйиш, поездларнинг суткалик умумий айланмасини ошириш ҳамда Афғонистон фуқаролари учун темир йўл соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.





