Тошкент вилоятида "Собир Раҳимов – Ўртаовул" янги темирйўл ўтказгичи фойдаланишга топширилди
Лойиҳа доирасида узунлиги 23,6 метр бўлган 1 дона икки йўллик янги темир йўл кўприги қуриб битказилиб, темир йўл излари ўз жойига қайтарилди, 1200 метр узунликдаги айланма темир йўл ва автомобил йўли барпо этилди.

"Собир Раҳимов – Ўртаовул" оралиғида янги темирйўл ўтказгичи фойдаланишга топширилди.
Бугун, 3 октябрь куни "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти томонидан пойтахт ва Тошкент вилояти кесишмасидаги транспорт оқимини тартибга солиш мақсадида бунёд этилган замонавий темирйўл ўтказгичи тантанали равишда очилди. Объект "Собир Раҳимов – Ўртаовул" бекатлари оралиғида жойлашган.

Мамлакатимизда транспорт-логистика тизимини янада такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун хавфсиз ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан Тошкент шаҳри ва вилояти кесишмасидаги транспорт оқимини тартибга солишга қаратилган "Собир Раҳимов – Ўртаовул" бекатлари оралиғида янги замонавий темир йўл ўтказгич бунёд этилиб, бугун унинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими З. Мирзаев, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси З. Нарзуллаев, транспорт прокуратураси прокурори И. Наримов, оммавий ахборот воситалари, маҳаллий аҳоли ва бошқалар иштирок этди.
"Собир Раҳимов – Ўртаовул" бекатлари оралиғидаги 3384 км ПК-2 да мавжуд темир йўл кесишмаси ўрнида барпо этилган янги йўл ўтказгични қуриш жараёнида кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Хусусан, лойиҳа доирасида узунлиги 23,6 метр бўлган 1 дона икки йўллик янги темир йўл кўприги қуриб битказилиб, темир йўл излари ўз жойига қайтарилди, 1200 метр узунликдаги айланма темир йўл ва автомобил йўли барпо этилди.

Шунингдек, тўсиқ девор пойдевори учун 237 дона савай бурғулаш ишлари амалга оширилиб, унинг 11 минг метр кубдан ортиқ қисмига тўлиқ бетон қуйилди ва 800 метр контакт тармоғи тўлиқ кўчириб ўтказилди. Қурилиш жараёнида жами 60 минг метр куб тупроқ ишлари бажарилди, аликафон монтаж ишлари якунланиб, ҳудуддаги ёмғир ва қор сувларини хавфсиз оқизиб юбориш учун 2 дона сув бочкаси ўрнатилди ҳамда замонавий автомобиль ва пиёдалар йўлаклари қуриб битказилди.
Мазкур замонавий йўл ўтказгичнинг очилиши Зангиота тумани аҳолиси ва транзит ҳаракатланувчи йўловчилар учун улкан қулайликлар яратиб, ҳудуддаги тирбандликларни бартараф этиш, вақтни тежаш, автомобил йўлларидаги кундалик юкламани сезиларли даражада камайтириш ҳамда хавфсиз ва қулай ҳаракатланишни таъминлашга хизмат қилади.




