Тиббий хизматларни босқичма-босқич хусусий сектордан харид қилишга ўтилади
Ҳар бир ҳудудда тиббий хизматлар бозори ва молиялаштириш механизмлари тадбиркор учун фойдали шартларда эълон қилиб борилади. Президент келаси йил ҳар бир ҳудудга камида 150 миллион доллар инвестиция ва грант жалб қилиш вазифасини қўйди.

Аҳоли сони ортиб, янги шаҳар ва массивлар қурилаётгани тиббиёт инфратузилмасини пухта режалаштиришни талаб этмоқда. Бу иш қилинмаса, бир жойда шифохона етишмайди, бошқа жойда мавжуд қувват тўлиқ ишлатилмайди.
– Шу боис, энди янги муассасалар аҳоли сони ва ҳудудлар жойлашувидан келиб чиқиб, мастер-режа асосида ташкил этилади,– деди Президентимиз.
Тиббий хизматларни босқичма-босқич хусусий сектордан харид қилишга ўтилади. Янги аутсорсинг механизмлари жорий қилинади.
Тадбиркорларга замонавий ускуналарни ўрнатиш учун давлат шифохоналаридан жой ажратилиб, кўрсатилган хизматларга суғурта тизими орқали ҳақ тўланади. Гемодиализ, лаборатория, стерилизация, реабилитация ва физиотерапия хизматлари ҳам тадбиркорлардан харид қилинади. Ҳар бир ҳудудда тиббий хизматлар бозори ва молиялаштириш механизмлари тадбиркор учун фойдали шартларда эълон қилиб борилади.
Президентимиз келаси йил ҳар бир ҳудудга камида 150 миллион доллар инвестиция ва грант жалб қилиш вазифасини қўйди. Бу борада ҳудудлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
Дунё тиббиётида геномика, ҳужайра ва биотехнологиялар орқали илгари даволаш имконсиз бўлган кўплаб касалликларга ечим топилаётганини қайд этилди. Бироқ илмий тараққиёт инсон олдидаги масъулиятни ҳам оширади.
– Инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ тадқиқотларда унинг ҳуқуқи, розилиги ва қадр-қиммати биринчи ўринда туриши шарт,– деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, биоэтика ва биотехнология соҳалари учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилади.
Гарвард тиббиёт мактаби билан ҳамкорликда ирсий касалликлар бўйича мутахассислар ўқитилади ва генетик текширув жорий этилади.





