platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Маданият

Кино хизматлари жамланган "Ўзбекфильм кино шаҳарчаси" ташкил этилади

Давлатимиз раҳбари киноижодкорлар учун яна бир ташаббусни маълум қилди. Қуйи Чирчиқ туманидаги "Кўҳинур" сиҳатгоҳи тўлиғича уларнинг ихтиёрига берилади. Чилонзор кўчасининг бир қисмига "Ўзбекфильм" номини бериш таклиф қилинди.

Кино хизматлари жамланган "Ўзбекфильм кино шаҳарчаси" ташкил этилади

Президентимиз кино яратиш учун замонавий инфратузилма барпо этилишини маълум қилди. "Ўзбекфильм"нинг 10 гектарлик ҳудудида кино хизматлари жамланган ягона индустриал кластер – "Ўзбекфильм кино шаҳарчаси" ташкил этилади.

"Кино шаҳарчаси"да замонавий технологиялар билан жиҳозланган Дубляж ва овозлаштириш маркази қурилади.

Икки ойда малакали лойиҳа ташкилотини жалб қилиб, шаҳарчанинг мастер-режаси ва лойиҳа-сметаси ишлаб чиқилади. Қурилиш ишлари кейинги йилнинг март ойидан бошланади.

Кино тизимидаги бўш турган давлат активларини очиқ савдога чиқариш топширилди.

Давлатимиз раҳбари киноижодкорлар учун яна бир ташаббусни маълум қилди. Қуйи Чирчиқ туманидаги "Кўҳинур" сиҳатгоҳи тўлиғича уларнинг ихтиёрига берилади.

Мазкур сиҳатгоҳ яқинда замонавий талаблар асосида таъмирланиб, жиҳозланган. Бу ерда киноижодкорларнинг муносиб дам олиши учун шароит яратилган.

Президентимиз ушбу маскан киночиларимиз куч тўплаб, янги-янги ғоялар устида ишлашига хизмат қиладиган чинакам ижодий масканга айланишини таъкидлади.

Бундан ташқари, ҳар йили кино соҳасида фаолият юритадиган камида 300 нафар фидойи ходимга республикадаги сиҳатгоҳларда дам олиш ва даволаниш учун бепул йўлланма берилади.

Президентимиз соҳада илм, таҳлил ва профессионал танқидчиликни ривожлантириш мақсадида "Киношунослар клуби" ташкил этилишини маълум қилди.

"Ўзбекфильм" миллий кинокомпанияси клуб фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Унинг Халқаро кинотанқидчилар федерацияси – FIPRESCIга аъзо бўлишига кўмаклашади. Бу миллий фильмларнинг нуфузли халқаро фестиваллардаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

Соҳа вакилларининг касбий ҳамжамиятини жипслаштириш учун Ўзбекистон Кино арбоблари ва Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмалари бирлаштирилиб, Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси ташкил этилади.

Палата соҳада ўзини ўзи бошқаришни ривожлантириш, ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқлари ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг профессионал ўсишига кўмаклашиш билан шуғулланади.

Ёш киноижодкорларнинг хорижда малака ошириши ва палата фаолияти молиявий-ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши белгиланди. Янги палата фаолиятини ташкил этиш ишларини бир ойда якунлаш топширилди.

Президентимиз миллий кино саноатини янги технологик ривожланиш босқичига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Кино яратишда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича ҳамкорлик дастури бир ойда ишлаб чиқилади.

Унда янги таълим дастурларини тайёрлаш, мутахассисларни ўқитиш ва хорижда малакасини ошириш масалалари кўзда тутилади.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари "Ўзбекфильм" номини миллий киномизнинг ягона бренди сифатида мустаҳкамлаш ташаббусини илгари сурди. Халқимиз Чилонзорнинг бу ҳудудини азалдан "Ўзбекфильм" деб аташи қайд этилди.

Ҳозирги Чилонзор кўчасининг мазкур қисмига "Ўзбекфильм" номини бериш таклиф қилинди. Кино санъати музейини "Ўзбекфильм" музейи, Кино санъати саройини "Ўзбекфильм" киносаройи, Миллий кинофондни "Ўзбекфильм" миллий кинофонди деб номлаб, уларни ягона бренд остида бирлаштириш таклиф этилди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid