Президент селитра ишлаб чиқариш жараёнини танқид қилди
Илғор давлатлар селитра истеъмолини камайтириб, қишлоқ хўжалигида карбамид ва сувда эрувчан ўғит, тоғ-кон саноатида ғоваксимон селитра ишлатишга ўтган. Аммиакли селитра билан таннархи бир хил бўлган ғоваксимон селитрада қўшилган қиймат 2 карра кўп.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда йилига 1,5 миллион тонна аммиакли селитра ишлаб чиқарилиб, бунга 1 миллиард 70 миллион куб метр газ сарфланяпти.
Ваҳоланки, илғор давлатлар селитра истеъмолини камайтириб, қишлоқ хўжалигида карбамид ва сувда эрувчан ўғит, тоғ-кон саноатида ғоваксимон селитра ишлатишга ўтмоқда.
Аммиакли селитра билан таннархи бир хил бўлган ғоваксимон селитрада қўшилган қиймат 2 карра кўп.
Мутасаддилар, кимё корхоналари раҳбарлари мана шундай лойиҳаларни кўпайтиришни ўйлаши кераклиги қайд этилди.
Ёки “Навоиязот”да чиқадиган 1 тонна сиан тузининг нархи 3 минг 700 доллар бўлса, ундан елим олинса, қиймати 8 минг долларгача ошади.
Масъулларга “Навоиязот” ёнидаги кластерда 1 миллиард долларлик 10 та кам тоннали кимё лойиҳаларини бошлаш топширилди.
Геологияда мавжуд захираларни тўлиқ ишга солиб, қўшилган қийматни каррасига ошириш мумкинлиги таъкидланди.
Масалан, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоийда 550 миллион тонна натрий ва калий, 20 миллион тонна бентонит захиралари бор.
Бу хомашё қайта ишланиб, каустик сода ишлаб чиқарилса, қўшилган қиймат 3 баробар ошади.
Шунингдек, Жиззахда 1,5 миллион тонна, Қорақалпоғистонда 500 минг тонна серпентинит захираси аниқланган. Бунга сульфат кислотаси билан ишлов берилса, тоннаси 5 минг долларгача чиқадиган магний оксиди олса бўлади.
Серпентинит янада чуқурроқ қайта ишланса, никел, хром ва кобальт олиш мумкин. Бу эса электротехника саноати учун жуда муҳим хомашё.
Мутасаддиларга фосфорит, галит, мирабилит, серпентинит каби кимё учун зарур хомашё захирасини 2 карра ошириш бўйича уч йиллик дастур қилиб, ишларни бошлаш топширилди.
Серпентинит хомашёсини қайта ишлаш бўйича камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.
