Эскидан қолган “госзаказ” замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермаётгани қайд этилди
Бир вақтнинг ўзида битта режиссёрга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилган. Буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилгани хусусий ижодкорлар учун тенг рақобат имконини чеклаган. Оқибатда кучли сценарий ва сифатли фильм яратиш ўрнига топшириқни тезроқ “ёпиш” асосий мезон бўлиб қолган.

Президентимиз янги даврда яратилган тарихий фильмларга тўхталди. Улар орасида “Исломхўжа”, “Ибрат”, “Авлоний”, “Абдулла Қодирий”, “Қўқон шамоли”, “Муқимий”, “Илҳақ”, “Ўзбек қизи”, “Баҳодир Ялангтўш” бор.
Миллий кадрларимизнинг янги авлоди етишиб чиқди. Давлатимиз раҳбари бунда киноижодкорларнинг муносиб ҳиссаси борлигини қайд этди.
“Олтин глобус” халқаро кино мукофоти тарихида Марказий Осиё ва Кавказ киноижодкорларини тақдирлаш маросими илк бор Тошкентда ўтказилди. Учрашувда иштирок этаётган актриса Гулчеҳра Жамилова “Меридиан” мукофотига сазовор бўлди.
Шу билан бирга, Президентимиз миллий кино санъатимизни янги босқичга олиб чиқиш борасида олдинда ҳали кўп ишлар турганини очиқ айтиш зарурлигини таъкидлади.
Президентимиз бугун профессионал кинотанқидчилар фикри билан етарлича ҳисоблашилмаётганини қайд этди.
– Қолаверса, холис таҳлил ижодкорга ўз камчиликларини кўра олиш ва ўсиш имконини беради-ку! – деди давлатимиз раҳбари.
Кино лойиҳаларини молиялаштиришнинг амалдаги давлат буюртмаси ва хариди тизимида ҳам ечимини кутаётган масалалар бор. Эскидан қолган “госзаказ” замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермаяпти.
Бир вақтнинг ўзида битта режиссёрга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилган. Бундай юкламада ҳар бир асар устида пухта ишлаш қийин. Буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилгани хусусий ижодкорлар учун тенг рақобат имконини чеклаган.
Оқибатда кучли сценарий ва сифатли фильм яратиш ўрнига топшириқни тезроқ “ёпиш” асосий мезон бўлиб қолган. Мамлакатимиз етакчиси ижодкор меҳнатининг натижаси томошабинни чуқур ўйга солиб, қалбида из қолдирган фильм билан ўлчаниши кераклигини таъкидлади.
Сценарий суратга олиш жараёнида бойитилиши, ижодий ечимлар ўзгариши мумкин. Шунинг учун санъат асарини оддий товар ёки қурилиш объекти каби техник топшириқлар асосида харид қилиш тўғри эмаслиги кўрсатиб ўтилди.





