Устоз қадрини эслатган “Дарс”: кинотеатрларда қўнғироқ чалинди, энди навбат томошабинларга!
“Дарс” бугунги ўзбек киносида етишмаётган оддий, аммо муҳим қадриятлар ҳақида гапиради. Унда томошабинни жалб қилиш учун сунъий можаролар, турли фитна ва қасосларга урғу берилмайди.

Кеча, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Дарс” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Самимий ва ҳаётий воқеалар асосига қурилган картина томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

“Дарс” бугунги ўзбек киносида етишмаётган оддий, аммо муҳим қадриятлар ҳақида гапиради. Унда томошабинни жалб қилиш учун сунъий можаролар, турли фитна ва қасосларга урғу берилмайди. Аксинча, инсон тақдирини ўзгартира оладиган устоз, китоб, тарбия, меҳр-оқибат ва оилавий қадриятлар фильмнинг асосий кучига айланган.

Воқеалар марказида — Ойқиз. Унинг орзулари, хатолари ва ҳаётий синовлари орқали шошқалоқ ва хаёлпараст қиздан мустақил фикрлайдиган, масъулиятли ва етук инсонга айланиш жараёни кўрсатилади. Ҳанифа хола образи эса баъзан инсоннинг бутун ҳаётини ўзгартириш учун битта яхши устознинг ўзи кифоя эканини эслатади.


Айниқса, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида фильмнинг катта экранларга чиқиши ўзига хос маъно касб этади. “Дарс” — фарзанд билан бирга кўриш, кейин эса у билан устоз, китоб ва ҳаётдаги мақсад ҳақида гаплашиш мумкин бўлган оилавий фильм.

Бугун, 25 сентябрдан “Дарс” фильми юртимиз кинотеатрларида намойиш этилади. Устоз қадри, китоб ва инсонийлик ҳақидаги самимий ҳикояни энди катта экранларда томоша қилиш мумкин.

Ушбу фильм Контент маркази ва MA’NO CINEMA томонидан суратга олинган.




