Президент тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказмоқда
Тиббиётни рақамлаштириш бўйича ишлар хусусий клиникалар ва дорихоналарни ҳам қамраб олмоқда. Давлат раҳбари бу тизим сунъий интеллект имкониятлари билан янада бойитилиб, "шифокор ва ҳамшираларнинг ҳақиқий кўмакчиси"га айланишини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашуви бошланди. Давлатимиз раҳбари уларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклаб, меҳнати учун миннатдорлик билдирди.
– Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз, – деди Президентимиз.
Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга тушди, 58 минг шифо ўрни яратилди. Замонавий шифохоналар кўпайиб, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми три карра ошди.
Илгари чет елда амалга оширилган туғма юрак нуқсонлари, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари каби юздан зиёд хизматлар бугун мамлакатимизда бажарилмоқда.
Президентимиз бу натижаларда тиббиёт ходимларининг билим ва маҳорати ҳал қилувчи ўрин тутаётганини қайд этди.
Тиббиётни рақамлаштириш бўйича ишлар хусусий клиникалар ва дорихоналарни ҳам қамраб олмоқда.
– Яқинда бу тизимни сунъий интеллект имкониятлари билан янада бойитиб, шифокор ва ҳамшираларнинг ҳақиқий кўмакчисига айлантирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Фармацевтика товарларининг 70 фоизини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган. Шу боис, сўнгги йилларда 1 миллиард долларлик 330 та янги қувват ишга туширилди.
«Тошкент биофарм сити» кластери, Андижон, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятида фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Уларда 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.





