Президент “Ўзбекфильм”да киноижодкорлар билан учрашув ўтказмоқда
Мамлакатимиз етакчиси ўн йил олдин “Ўзбекфильм” киностудияси қандай аҳволда бўлганини ёдга олди. Ислоҳотларнинг илк кунларидан студияни тиклаш ва ижодкорлар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди. 2016 йилда фильмлар олиш учун давлат бюджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 218 миллиард сўм берилди.

Президентимиз “Ўзбекфильм” киностудиясида киноижодкорлар билан учрашув ўтказмоқда. Давлатимиз раҳбари бу даргоҳда миллий кино тарихимиз, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати, халқимизнинг экранга кўчган орзулари, интилишлари ва армонлари мужассам эканини таъкидлади.
“Маҳаллада дув–дув гап”, “Ўтган кунлар”, “Шум бола”, “Чинор остидаги дуэл”, “Суюнчи” каби фильмларнинг қаҳрамонлари хотирамизда яқин инсонлардек сақланиб қолган. Улардаги бир лавҳа, бир оғиз сўз ёки таниш куй болалигимиз, бобо-бувиларимиз ва қадрдон маҳалламизни кўз олдимизда гавдалантиради.
Президентимиз ўз даврида сиёсий ва мафкуравий босимлар қанчалик оғир бўлмасин, ижодкорларимиз ана шундай миллий санъат асарларини ярата олганини таҳсинга сазовор деб баҳолади.
“Ўзбекфильм” яратган бу мактаб мустақиллик йилларида ҳам давом эттирилди. “Абдуллажон”, “Отамдан қолган далалар”, “Дилхирож”, “Ватан”, “Ўтов” сингари халқимизга манзур фильмлар яратилди.
Мамлакатимиз етакчиси ўн йил олдин “Ўзбекфильм” киностудияси қандай аҳволда бўлганини ёдга олди. Ислоҳотларнинг илк кунларидан студияни тиклаш ва ижодкорлар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Бу қадрли маскан тўлиқ реконструкция қилинди. Сўнгги ўн йилда соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинди.
2016 йилда фильмлар олиш учун давлат бюджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 218 миллиард сўм берилди.
Давлатимиз раҳбари натижада миллий фильмларимизнинг салмоғи ва сифати ошганини, соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келганини таъкидлади.





