Президент ўзбекистонлик параспортчиларни алоҳида эътироф этди
Шавкат Мирзиёев иккинчи бор ўтказилаётган Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида иштирок этмоқда. Ёшларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида келаси йилдан Президент Олимпиадаси ғолиб ва совриндорларининг пул мукофотлари 2,5 баравар оширилади. Биринчи ўрин соҳибларига 25 миллион, иккинчи ўрин учун 12 миллион, учинчи ўрин учун 6 миллион сўм берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи бор ўтказилаётган Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида иштирок этмоқда. Давлатимиз раҳбари спортчи ёшлар, мураббийлар ва спорт фидойиларини мусобақа бошланиши билан табриклади.
Бу йилги беллашувларда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 3,5 мингдан зиёд ёш олимпия ва паралимпия йўналишидаги 26 та спорт тури бўйича куч синашади. Уларга 1,5 минг мураббий ҳамроҳлик қилмоқда.
– Ҳар бирингиз бу майдонга ўз орзуингиз, ўз мақсадингиз, энг асосийси, ғалабага бўлган катта ишончингиз билан келгансиз,– деди Президентимиз спортчи ўғил-қизларга мурожаат қилиб.
Бугун беллашаётган ёшлар орасидан эртага дунёни ҳайратга соладиган чемпионлар ва рекордчилар етишиб чиқишига ишонч билдирилди.
– Бугун параспортчи ўғил-қизларимизнинг матонати ва жасоратини ҳам алоҳида эътироф этмоқчиман,– деди Президентимиз.
Яқинда якунланган Параосиё ўйинларида улар 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза – жами 145 та медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева олтин медал билан бирга жаҳон рекордини ҳам ўрнатди. Лолахон Қодирова сузишда, Мадина Мухторова ва Каромат Омонова ядро улоқтиришда, Шаҳина Йигиталиева найза улоқтиришда, Наврўза Аҳмадова эса диск улоқтиришда Осиё рекордларини янгилади.
Егор Болотов тўртта, Хуршид Қодиров трита олтин медаль қўлга киритди. Асила Мирзаёрова узунликка сакраш бўйича Параосиё ўйинлари рекордини янгилаб, иккинчи марта Осиёда тенгсиз эканини намоён этди.
Асила Мирзаёрова Осиё паралимпия қўмитасининг 2026-2030 йиллар учун спортчилар қўмитаси аъзоси этиб сайланди. Президентимиз буни ўзбек спортига халқаро эътироф намунаси сифатида баҳолади.
Президентимиз ёш спортчиларга мурожаат қилиб, чемпионликка кучли ирода ва темир интизом орқали эришилишини таъкидлади. Илгари сурилаётган «Ўз» ғоясининг мазмун-моҳияти ҳам шунда эканини қайд этди.
– Ўзингга ишон! Ўз устингда ишла! Ўз юртингга муносиб бўл!– деди Президентимиз. Халқаро майдонда мамлакатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда бутун халқимиз спортчиларимиз билан фахрланишини таъкидлади.
Ёшларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида келаси йилдан Президент Олимпиадаси ғолиб ва совриндорларининг пул мукофотлари 2,5 баравар оширилади. Биринчи ўрин соҳибларига 25 миллион, иккинчи ўрин учун 12 миллион, учинчи ўрин учун 6 миллион сўм берилади.
Шунингдек, олимпиадада ғолиб бўлиб, Ўзбекистон рекордини янгилаган мактаб битирувчилари олийгоҳларнинг спорт йўналишларига имтиҳонсиз, давлат гранти асосида қабул қилинади.





