Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадон фойдаланишга топширилади
Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилмоқда. Айни пайтда Янги Тошкентда ерга талаб ортиб бормоқда. Бир гектарнинг ўртача қиймати 2024 йилда 10 миллиард сўмга етмаган бўлса, ҳозир 19 миллиард сўмга чиққан.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилмоқда. Давлатимиз раҳбари сўнгги ойда улар билан ўтказилган учрашувларда билдирилган таклифлар, ер ажратиш, рухсат олиш ва тўловлар билан боғлиқ муаммолар ўрганилганини таъкидлади.
Уч йил аввал бошланган ушбу лойиҳа доирасида давлат инфратузилма, стадион, университет ва кутубхона каби муҳим объектларга йирик маблағ йўналтирмоқда. Ҳозирга қадар Янги Тошкентга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилди. Шу билан бирга, қурилишга хусусий секторни жалб этиш суръатлари мавжуд имкониятларга мос эмаслиги қайд этилди.
Янги шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Янги аэропорт билан бирга ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини 200 миллиард долларгача етказиш мумкин.
Ҳозир минг гектардан ортиқ майдонда асосан давлат маблағи ҳисобидан қурилиш кетмоқда. Тадбиркорларга эса бор-йўғи 94 гектар ер ажратилган.
– Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас, – деди Президентимиз.
Бу ер замонавий бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши керак. Лекин ҳозиргача ажратилган ерларнинг учдан икки қисми уй-жой лойиҳаларига тўғри келмоқда.
Инвесторларга берилган 28 та лотда фаол қурилиш бошланмаган. Давлатимиз раҳбари буни сармоядорларда маблағ ёки хоҳиш йўқлиги билан изоҳлаш тўғри эмаслигини айтди. Эскича талаблар, чўзиладиган рухсат жараёнлари ва айрим идораларнинг ҳамкор ўрнига назоратчи сифатида иш тутиши лойиҳаларга тўсиқ бўлмоқда.
– Инвестор эса кутмайди. У кўмак ва кафолат сезмаса, маблағини бошқа бозорга йўналтиради , – деди мамлакатимиз етакчиси.
Шу боис, тадбиркорга ер ажратишдан тортиб, лойиҳани ишга туширишгача бўлган жараён қайта кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланди.
Айни пайтда Янги Тошкентда ерга талаб ортиб бормоқда. Бир гектарнинг ўртача қиймати 2024 йилда 10 миллиард сўмга етмаган бўлса, ҳозир 19 миллиард сўмга чиққан.
Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳитини яратиш дегани. Президентимиз аҳолига дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматлари уйлар билан бир вақтда зарур бўлишини таъкидлади.
Янги шаҳарда ФИФА талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилмоқда. У келаси йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий ареналаридан бири бўлади. Ташриф буюрувчилар учун меҳмонхона, кафе, ресторан ва кўнгилочар масканларга эҳтиёжни аниқ ҳисоблаб, тадбиркорларга очиқ тақдим этиш вазифаси қўйилди.
Шаҳарнинг ишбилармонлик ҳаётини шакллантиришда давлат идораларининг кўчиши ҳам муҳим. Ҳозир Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари енгил конструкцияли биноларда ишламоқда. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 2,6 минг нафар ходими учун 9 та бино қуриляпти.
Бош вазирга қолган вазирликлар ва давлат ташкилотларининг ҳам Янги Тошкентга кўчишини бошлаш топширилди. Зарур ҳолларда уларнинг пойтахтдаги мавжуд биноларини бузиб қайта қуриш ҳуқуқисиз, жорий таъмирлаб фойдаланиш шарти билан сотиш масаласи кўриб чиқилади





