Янги Тошкентда йирик сармоядорлар билан ишлашда янги тизим жорий этилади
Қиймати 50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага масъул бириктирилади. У инвесторга объект ишга тушгунига қадар ҳамроҳлик қилиб, юзага келадиган масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.

Янги Тошкент ҳақиқий “яшил шаҳар” бўлиши шартлиги яна бир бор таъкидланди. Бу ерда қуриладиган объектларга “яшил бино” стандартлари қўлланмоқда. Шу билан бирга, сертификат олиш тадбиркорлар учун қўшимча харажат экани инобатга олинди.
Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган нотурар жой лойиҳалари учун “яшил” сертификат харажатлари давлат томонидан тўлиқ қопланади. Инвестор сотиб олган ҳар бир ер майдонининг 30 фоизини яшил ҳудудга айлантириш талаби ҳам Янги Тошкентдаги лойиҳаларга қўлланмайди. Шаҳарнинг 30 фоизини кўкаламзорлаштириш бош режа асосида давлат томонидан таъминланади.
Йирик сармоядорлар билан ишлашда ҳам янги ёндашув жорий этилади. Қиймати 50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага масъул бириктирилади. У инвесторга объект ишга тушгунига қадар ҳамроҳлик қилиб, юзага келадиган масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.
“50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага – битта инвестиция битими” тамойили амал қилади. Битимда инвесторнинг мажбуриятлари ва таваккалчилиги ҳисобга олиниб, унга мос имтиёзлар пакети белгиланади.
Янги имкониятларни фақат пойтахт тадбиркорлари билан чекламаслик учун Янги Тошкентдан пойтахтнинг ҳар бир туманига 100 гектардан ҳудуд бириктирилди. Энди туман ҳокимлари ўз тадбиркорлари билан ишлаб, янги лойиҳаларни шу майдонларга олиб келиши керак.
Худди шундай мамлакатимизнинг қолган 13 та ҳудудига ҳам 100 гектардан майдон ажратилади. У ерларда амалга оширилган инвестициялар тегишли вилоят ёки пойтахт туманининг кўрсаткичларида ҳисобга олинади.
Бириктирилган ҳудудлардаги ерлар бўйича биринчи аукционда фақат ўша вилоят ёки туман тадбиркорлари қатнашади.
Президентимиз Янги Тошкент бутун мамлакат ишбилармонлари учун янги имконият майдонига айланиши лозимлигини таъкидлади.





